Самарқандда “Маърифат карвони” тадбирлари бошланди
Хабар берганимиздек, юртимизда ўтказилаётган “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида “Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот тадбирлари Самарқандда ҳам старт олди.
Тадбир Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Янги Ўзбекистонда маънавий, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари” мавзусида зиёлилар форуми билан бошланди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги масъуллари, республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, вилоятдаги зиёлилар, имом-хатиблар, отинойилар ҳамда маҳалла оқсоқоллари иштирок этди.
- Мазкур тадбир олим, зиёли, санъат ва маданият намояндалари, маънавий-маърифий ишларга масъуллар, маҳалла фаоллари ҳамда илғор ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, мамлакатнинг миллий мафкура йўналишидаги ислоҳотлари, жамиятни, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилмоқда, - дейди республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов. – Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқи ҳамда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини зиёлилар иштирокида халқимизга етказиш ва тушунтириш асосий вазифамиз.
Лойиҳа доирасида кун давомида вилоятимизнинг барча ҳудудларида “Янги Ўзбекистон – ислоҳотлар фалсафаси” номли анжуман, илғор, фаол йигит-қизлар иштирокида “Замонавий ёшлар – тараққиёт драйвери” мавзусида илм-фан ва инновацияларга бағишланган маҳорат дарслари, шунингдек, “Ўзбекистон обидаларидаги битиклар” китоб-альбоми тақдимоти каби тадбирлар ўтказилади.