Самарқандда Марказий Осиё ҳудудларида маданият, таълим ва илм-фан орқали фаровонликка эришиш масалалари муҳокама қилинди

Самарқандда давом этаётган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Марказий Осиё халқаро институти томонидан “Янги Марказий Осиё: маданият, таълим ва илм-фан орқали биргаликда ривожланиш ва фаровонликка эришиш йўли” мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда Марказий Осиё халқаро институти масъуллари, хорижий мамлакатларнинг тегишли идоралари ва ташқи сиёсат муассасалари, дипломатик ваколатхоналар, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг таҳлилий тузилмалари вакиллари қатнашди.

Анжуманда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ўринбосари, Марказий Осиё халқаро институти бошқарувчи директори Жавлон Ваҳобов, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каҳа Имнадзе, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги бўлим бошлиғи Азиза Умарова бугунги кунда минтақа давлатлари ўртасидаги қарор топган яқин қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда янада мустаҳкамланиб бораётганини таъкидладилар.

– Ўзбекистон ўзининг амалий таклифлари билан доимий равишда Марказий Осиёда алоҳида ўрин тутади, – дейди Марказий Осиё халқаро институти бўлим бошлиғи Азамат Тошев. – Бугунги тадбиримиз ҳам бир неча йўналишларни қамраб олади. Биринчи йўналиш таълим соҳасига қаратиладиган бўлса, иккинчи йўналиш ЮНЕСКО билан боғлиқ. Бунда Президентимиз томонидан билдирилган 16 та ташаббусни қўллаб-қувватлаш, уларнинг амалий механизмларини муҳокама қилиб, биргаликда амалга оширишга қаратилган. Жараёнда келажакдаги режаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббусларига эътибор қаратадиган бўлсак, сунъий интеллектдан тортиб ёшлар масалаларигача қамраб олинган.

Айниқса, экология, фан ва таълим, гендер тенглик масалалари алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон хотин-қизлар масаласи доирасида амалга ошираётган ислоҳотлари дунё эътирофига тушгани бежиз эмас. Бугунги кунда жамиятнинг барча бўғинларида хотин-қизлар фаол иштирок этмоқда. Бу ерда фақатгина маданий мерос, фан-таълим кабилар билан чекланиб қолмай, ЮНЕСКО томонидан илгари сурилаётган барча йўналишларни қамраб олган ҳолда Марказий Осиё халқларининг дўстлик сиёсатини янада мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларни ривожлантириш кўзда тутилган.

Тадбирда мутахассислар, халқаро экспертлар томонидан бир қатор таклифлар, амалиётда эришилаётган ютуқлар ҳақида фикрлар билдирилди.

– Марказий Осиёнинг мамлакатлари маданий мероси тарихи археологияси бўйича Европа, АҚШ ва Осиё минтақалардан келган мутахассислар билан биргаликда қатор халқаро лойиҳалар бўйича тадқиқотлар олиб бормоқдамиз, - дейди Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти директори Эврен Рутбил. – Бугунги тадбир минтақа тараққиётида ўта муҳим деб ўйлайман. Маданият, таълим ва илм-фан ривожи ҳар қандай давлатнинг тараққиётида муҳим ўрин тутади. Ушбу соҳалардаги минтақавий ҳамкорлик ҳудуднинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир давомида Марказий Осиёнинг тараққиётига муҳим ҳисса қўшадиган янги лойиҳалар, ташаббусларни аниқлаш, уларни амалга ошириш борасидаги таклифларни ўртага ташланди.