Самарқандда МИБ ходимларининг устига бензин сепиб, ёқишга уринган аёлга суд ҳукми ўқилди
2020 йил 11 июнь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида судланувчи Д.Р. (1978 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, муқаддам судланган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Абдуҳаким Олтибоев раислигида кўриб чиқилди.
Аниқланишича, 2020 йил 21 январь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М.Бекмуҳаммедов, бўлим бошлиғи ўринбосари Ф.Ибрагимов ва жами 23 нафар давлат ижрочилари билан биргаликда иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан уй-жойдан чиқариш юзасидан Самарқанд шаҳри Навоий-шоҳ кўчаси, 49-уй, 16-хонадонда мажбурий ижро ҳаракатларини бошлаш жараёнида, фуқаро Д.Р. уй-жойдан чиқишдан қатъий бош тортиб, МИБ Самарқанд шаҳар бўлими ходимларининг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, уларнинг устига бензин ёқилғисини сепиб, қўлида ёниб турган сочиқни уларнинг устига қасддан улоқтириб юбориб, давлат ижрочиларининг хизмат вазифаларини бажаришдан воз кечишига мажбур қилган.
Суд ҳукмига кўра, Д.Р. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди. Унга узил-кесил ўташ учун 1 йил 7 ой 9 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ушбу жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.