Самарқандда "Нурбулоқ" санаторий-курорт шаҳри ташкил этилади
Вилоятимизнинг бой табиий ресурслари ва рекреацион салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, мамлакатда тиббий ҳамда соғломлаштириш туризмини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида "Нурбулоқ" санаторий-курорт шаҳрини ташкил этиш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳага мувофиқ, Нуробод туманидаги 470 гектар ер майдонида вилоят бўйсунувидаги "Нурбулоқ" санаторий-курорт шаҳри ташкил этилади.
Мазкур лойиҳа замонавий тиббий хизматлар, соғломлаштириш инфратузилмаси ва туризм объектларини бир ҳудудда жамлаган йирик мажмуага айланиши кўзда тутилмоқда.
Инвесторларни жалб этиш мақсадида қатор солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам таклиф этилган. Жумладан, 2035 йил 1 январга қадар халқаро даражадаги SPA ва санаторий-курорт мажмуаларини барпо этаётган тадбиркорлар республикага олиб кириладиган асбоб-ускуналар, технологиялар ва хомашё учун божхона божидан тўлиқ озод этилади. Шу билан бирга, улар ер солиғининг 50 фоизини тўлашдан озод қилиниши назарда тутилган.
Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб тиббиёт муассасалари хорижий фуқароларга туроператорлар орқали хизмат кўрсатган тақдирда, тўланган қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи кэшбек тарзида қайтарилади. Бу механизм тиббий туризм хизматларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Қарор лойиҳасининг яна бир муҳим жиҳати сифатида тиббий ва соғломлаштириш туризмининг миллий "Авиценна" брендини жорий этиш белгиланган. Мазкур бренд асосида Ўзбекистоннинг тиббий туризм салоҳиятини халқаро майдонда тарғиб қилиш, мамлакат имижини мустаҳкамлаш ҳамда соҳага инвестициялар жалб этишга қаратилган алоҳида чора-тадбирлар дастури амалга оширилади.
Мутахассислар фикрича, "Нурбулоқ" санаторий-курорт шаҳрининг ташкил этилиши Самарқанд вилоятини Марказий Осиёдаги етакчи тиббий ва соғломлаштириш туризм марказларидан бирига айлантириш, янги иш ўринлари яратиш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш ва экспортбоп тиббий хизматлар ҳажмини оширишга муҳим туртки беради.