Самарқандда “Ўзбекистон-Корея картошка уруғчилиги маркази” иш бошлади
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида “Ўзбекистон Корея картошка уруғчилиги маркази” фаолияти йўлга қўйилди. Марказ фаолиятини йўлга қўйиш учун шу йил март ойида Ўзбекистон ва Жанубий Корея қишлоқ хўжалик вазирликлари ҳамда икки давлат тегишли идоралари билан ҳамкорликда шартнома имзоланганди. Шартномага кўра, Жанубий Кореянинг 4,3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, соҳани ривожлантириш мақсадида вилоятда картошка етиштириш технологияларини такомиллаштириш борасида фаолият олиб бораётган “ГС Био” қўшма корхонаси, Кореянинг “Халқаро Картошкачилик Институти” ҳамда институт ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандум имзоланган.
12-15 сентябрь кунлари лойиҳа ҳамкорлари — Жанубий Кореядаги тегишли ташкилотларнинг мутахассисларидан ташкил топган экспертлар гуруҳи ташриф буюрди. Ташриф давомида мутахассислар вилоятда картошка уруғчилиги билан шуғулланувчи фермер хўжаликларида бўлиб, картошка уруғчилигининг бугунги ҳолатини ўрганишди. Шу билан бирга институт олимлари ва тадқиқотчилари иштирокида 13-14 сентябрь кунлари картошка уруғчилигини ривожлантириш истиқболлари, ин-витро лабораторияси, иссиқхоналар ташкил этиш бўйича семинар-тренинглар ўтказилди ҳамда соҳани ривожлантириш юзасидан икки томонлама меморандум имзоланди.
Келгусида институт олимлари Кореянинг қишлоқ ҳудудларни ривожлантириш коорпорациясида картошка уруғчилиги бўйича билим, кўникма ва малакасини оширади. Кореялик профессорлар томонидан 3-4 босқич талабаларига маъруза ва амалий машғулот дарслари ташкил этилади.