Самарқандда Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг II форуми бўлиб ўтмоқда

Самарқанд давлат тиббиёт университетида Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларининг II форуми ўз ишини бошлади.

Форумда республикадаги 9 та тиббиёт олий таълим муассасаларидан 100 дан ортиқ талаба иштирок этди.

- Форумдан мақсад тиббиётнинг фундаментал ва амалий фанлари бўйича талабаларнинг билим даражасини ошириш, назарий билимларни амалиётда қўллаш, тиббиёт олий ўқув юртлари талабаларини жаҳон ва миллий тиббиёт меросига жалб қилишдир, - деди СамДТУ ректори, профессор Жасур Ризаев. - Анъанага айланиб бораётган мазкур форум тиббиёт олийгоҳлари талабалари ўртасида дўстлик ва бирдамлик, ўзаро ҳамкорлик, соҳага муҳаббат, касбга садоқатни янада кучайтиради.

Форум доирасида миллий либослар кўргазмаси, талабалар ҳаёти тўғрисида видеоролик, талабалар лойиҳалари танлови жамоавий, стартап лойиҳа, илмий инновацион лойиҳалар, “Заковат” интеллектуал ўйини ва спорт мусобақаларидан бадминтон, стол тенниси ҳамда волейбол каби мусобақалар ташкил қилинди.

Эртага, форумнинг иккинчи кунида соҳанинг етакчи мутахассисларидан маърузалар тингланади. Унда республикамизнинг тиббиёт олийгоҳлари – Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат стоматология институти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат тиббиёт институти, Европа тиббиёт университети, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали ва Самарқанд давлат тиббиёт университети жамоалари иштирок этади.