Тиббиёт олий ўқув юртларида чет тилини билган талабалар стипендиясига устама қўшилади
"Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори имзоланди.
Унга мувофиқ:
Тиббиёт коллежлари негизида 47 та Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ташкил этилади.
Врачларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун 2020/2021 ўқув йилида бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга қабул параметрлари 50 фоизгача оширилади.
Бакалавриат ва магистратура ўқув-режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар 2 баробарга қисқартирилади ва ўрнига замонавий диагностика ва даволаш усулларини ўрганиш фанлари киритилади.
Тиббиёт ОТМларининг даволаш ишлари проректорлари бир вақтнинг ўзида ушбу таълим муассасаси клиникаларининг бош шифокорлари сифатида фаолият юритади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
— чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт ОТМ талабалари стипендиясига қўшимча равишда 428 минг сўм миқдорида устама тўланади;
— халқаро рейтингларда тиббиёт йўналиши бўйича Топ-200 таликка кирган ОТМларнинг клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган давлат тиббиёт муассасалари ходимларига қўшимча 4,7 миллион сўм ҳар ойлик устама тўланади;
— фалсафа доктори ёки фан доктори илмий даражасини олган ходимларга давлат тиббиёт муассасаларида қўшимча 10 миллион сўм ҳар ойлик устама тўланади.
2021 йил 1 январга қадар Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети ва Туркия Бахчишеҳир университетининг филиаллари ва клиникалари ташкил этилади.