Самарқандда рақамли технологиялар бўйича Қўшработ ва Нуробод туманлари намунали ҳудудга айлантирилади

2020-2022 йилларда ҳудудларни рақамли трансформация қилиш дастурига асосан вилоятда 2022 йил якунига қадар 47 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Бу борада Нуробод тумани бўйича жорий йил якунига қадар умумий қиймати 9,9 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа, шундан 1,2 миллиард сўми маҳаллий бюджет, 8,7 миллиард сўми ижрочи корхона ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Хусусан, 7 та рақамли инфратузилма, 2 та давлат бошқаруви, 6 та ижтимоий соҳа, 1 та коммунал хўжалиги, 1 та қишлоқ хўжалиги, 2 та саноат ва қурилиш, 2 та ўқитиш ва малака ошириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Шунингдек, Қўшработ туманида 2021 йилнинг I чорагида умумий қиймати 14,3 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа, шундан 312,6 миллион сўми маҳаллий бюджет, 14 миллион сўми ижрочи корхона ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Жумладан, 5 та рақамли инфратузилма, 3 та давлат бошқаруви, 4 та ижтимоий соҳа, 1 та коммунал хўжалиги, 2 та қишлоқ хўжалиги, 1 та саноат, 2 та ўқитиш ва малака ошириш соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Бугунги кунда Нуробод тумани бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган. Туманда 1024 портли OLT қурилмаси ўрнатилиб, 4,4 километр оптик толали алоқа кабель ётқизилган.

Ёқубжон Марқаев.