Самарқандда «Samarkand Half Marathon» хайрия марафони доирасидаги тадбирлар бошланди
Айни пайтда Регистон майдонида жорий йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Samarkand Half Marathon – илк халқаро хайрия марафонига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.
Лойиҳадан кўзланган мақсад маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, мамлакатда спорт туризмини ривожлантиришга қаратилган.
Марафонда тажрибали ва ҳаваскор югурувчилар иштирок этиши, 21, 10 ва 2 километр масофага югуриб куч синашиши мумкин.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, югуриш хайрия марафони кенг кўламдаги маданий дастур ва эсда қоларли тадбирларга бой бўлади. Хусусан, инклюзив мавзуларга бағишланган таълим тадбирлари, болалар ва катталар учун маърузалар ҳамда маҳорат дарслари, спорт ҳақида ҳужжатли фильмлар намойиши, маҳаллий ҳамда Финляндия, Германия, Туркия ва Россиядан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари ташкил этилади.
Марафондан тушган барча маблағлар Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида тифлошарҳлар ёрдамида саҳна асарлари намойиш этиладиган тажриба лойиҳаси амалга оширилишига йўналтирилади. Бу заиф кўрувчи ва кўзи ожиз томошабинларга саҳна асари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Шунингдек, матбуот анжуманида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан инклюзив муаммоларга бағишланган тадқиқотлар олиб борилаётгани таъкидланди. Тадқиқот натижалари ярим марафоннинг таълимий дастури доирасида маълум қилинади.
Тўлқин СИДДИҚОВ.