Самарқандда ШҲТ саммитига тайёргарлик кўришда Циндао тажрибаси ўрганилади

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бошчилигидаги самарқандлик раҳбар ва тадбиркорлардан иборат делегация шу йилнинг 6-12 апрель кунлари Хитой Халқ Республикасининг Хенан ҳамда Шаньдун провинцияларида бўлди.

Вилоятимиз вакиллари ташриф давомида 2018 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлат раҳбарлари саммитига мезбонлик қилган Циндао шаҳрида ҳам бўлди.

Саммитни ўтказиш ишларини амалга ошириш учун тайёгарлик кўриш объекти кўздан кечирилди. Унда давлат раҳбарларининг учрашувлари ўтказилган барча объектларнинг макетлари, дастурий таъминоти, инфраструктураси ва схемалари жойлаштирилган. Шунингдек, вакилларимиз саммитнинг асосий бинолари билан ҳам танишди.

Циндао шаҳри мэрининг ўринбосари Сюэ Цинго билан ўтказилган учрашувда 2022 йилда Самарқандда ўтказилиши кутилаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлат раҳбарларининг навбатдаги саммитини юқори савияда ташкил этиш учун ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Самарқанд ва Циндао шаҳарларининг туристик имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида чартер рейсларни амалга ошириш ҳамда ушбу шаҳарларнинг биродарлашув битимини тузишга келишиб олинди.