Президент Мурожаатномаси қурилиш соҳасида ҳам дастуруламал бўлади

Президентимиз томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўлланган навбатдаги Мурожаатнома мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа ва, албатта, қурилиш-бунёдкорлик йўналишидаги устувор вазифаларни аниқ ва равшан белгилаб берди.

Ушбу Мурожаатнома, аввало, халқимиз манфаатларини таъминлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқларда замонавий яшаш муҳитини яратишга қаратилган стратегик ҳужжат сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз Мурожаатномада бу йўналишга алоҳида тўхталиб, ҳудудларда бунёдкорлик ишларини янги сифат босқичига олиб чиқиш, қурилишда қонун устуворлигини таъминлаш, хавфсизлик ва сифат талабларини кескин кучайтириш зарурлигини қатъий таъкидлади. Бу эса биз, ҳудудий назорат инспекциялари зиммасига катта масъулият юклайди.

Самарқанд вилояти тарихий мероси, меъморий обидалари ва замонавий ривожланиш суръатлари уйғунлашган ҳудуд сифатида ўзига хос марказ саналади. Сўнгги йилларда вилоятда турар-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, йўл ва транспорт инфратузилмаси бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мурожаатномада ҳудудлар ривожини таъминлашда айнан шундай тизимли ёндашувни давом эттириш, қурилиш жараёнларини пухта режалаштириш ва самарали назоратни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Белгиланган энг муҳим вазифалардан яна бири қурилиш соҳасида тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ва барча объектлар белгиланган меъёрий ҳужжатлар асосида барпо этилишини таъминлашдир. Эндиликда инспекция фаолияти нафақат текширувлар ўтказиш, балки қурилиш жараёнларида очиқлик, шаффофлик ва масъулиятни оширишга қаратилади.

Шунингдек, арзон ва сифатли уй-жой қуриш орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Назорат инспекцияси сифатида бизнинг вазифамиз ҳар бир объектнинг лойиҳа талабларига мослигини, зилзилабардошлик ва энергия самарадорлиги мезонларига жавоб беришини таъминлашдан иборат.

Президентимиз қурилиш соҳасида рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масаласига ҳам тўхталдилар. Бу йўналишда инспекция томонидан қурилиш жараёнларини электрон мониторинг қилиш, рухсатномалар ва ҳужжатларни рақамли платформалар орқали юритиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бу, ўз навбатида, коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга, инсон омилини камайтиришга ва назорат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Мурожаатномада қайд этилган яна бир муҳим жиҳат ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, хусусан, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва маданият объектлари қурилишини жадаллаштиришдир. Самарқанд вилоятида ушбу объектлар қурилиши доимий назоратда бўлиб, уларнинг белгиланган муддатларда ва сифатли фойдаланишга топширилиши ушбу топшириқларнинг амалий ифодаси бўлади.

Шу билан бирга, экология ва яшил ҳудудлар масаласига ҳам эътибор қаратилди. Қурилиш жараёнларида атроф-муҳитга зарар етказмаслик, яшил майдонларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш, шаҳар ва қишлоқларда қулай экологик муҳит яратиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Белгиланган устувор вазифалар биздан янада масъулиятли, ташаббускор ва ҳалол фаолиятни талаб этади. Қурилиш-бунёдкорлик соҳасида ҳар бир ходим, ҳар бир мутахассис ўз ишига виждонан ёндашиши, қонун ва меъёрларга қатъий амал қилиши лозим. Чунки бугун қурилаётган ҳар бир бино келажак авлодлар учун яратилаётган муҳитдир. Шу маънода Мурожаатнома қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида олдимизга аниқ ва улкан вазифаларни қўйди. Уларни сўзсиз бажариш, қурилиш-бунёдкорлик ишларини янги босқичга олиб чиқиш, халқимиз учун хавфсиз, қулай ва замонавий яшаш муҳитини яратишга бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Акмал Шукуров,

вилоят ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси раҳбари.