Самарқандда сохта ПЗР-тест натижаларини тайёрлаб сотаётганлар ушланди
30 апрель куни ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилди.
Унда Самарқанд халқаро аэропорти яқинида бир гуруҳ шахслар тезкор тадбирга “мижоз” сифатида жалб қилинган “С” исмли шахсга “қисқа муддатда 400 минг сўмга экспресс таҳлил натижасини тайёрлаб бериш”ни таклиф қилган.
Олиб борилган текширув ҳаракатлари натижасида ушбу шахслар “АКМАЛ ТРАНС” МЧЖда киракаш бўлиб ишловчи, Самарқанд шаҳар Хўжақишлоқ маҳалласида яшовчи 1986 йилда туғилган А.Р. ва Самарқанд шаҳар Бульвар даҳасида яшовчи 2005 йилда туғилган О.Н. эканлиги аниқланган.
ИИВ Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.