Самарқандда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилади
Вилоятнинг икки ҳудудида - Ургут туманининг Мерганча массивида 39,2 гектар ва Булунғур тумани Ғўбдин массивида 23,9 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиши белгиланган.
Бу массивлар ҳудудида 50 тадан кам бўлмаган кўп квартирали уйлар, ижтимоий соҳа, бозор ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, дам олиш ва кўнгилочар майдонлар барпо этилади. Массивга туташ ҳудудларда кичик саноат зоналари ташкил этилади.
Жумладан, Булунғур тумани Ғўбдин массивида биринчи қаватида савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари бўлган 59 та 5 қаватли уй-жой қурилади. Жорий йилда 348 та хонадонга эга 18 та, 2023 йилда 16 та ва 2024 йилда 500 хонадонли 25 та кўп қаватли уйлар барпо этилади. 2 та 990 ўринли мактаб биноси, 3 та 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 9 та тиббий, маиший ва бошқа турдаги хизмат кўрсатиш объектлари қурилади. Қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш орқали 475 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Ургут туманидаги Мерганча массивида эса 58 та 2916 та хонадонга эга 5, 9 ва 12 қаватли уй-жойлар бунёд этилади. Жорий йилда 5 ва 9 қаватли 18 та уй қурилади.
Шунингдек, массивда 2 та 1650 ўринли мактаб биноси, 4 та 180 ўринли мактабгача таълим муассасаси, 3 гектар майдонда туман маъмурий марказини қуриш кўзда тутилган. Истироҳат боғи, оилавий врачлик пункти, маҳалла маркази, маиший хизмат, спорт комплекси, меҳмонхона, ИИБ таянч пункти, кичик саноат зонаси қуриш учун 5 гектар ер майдони ажратилган.
- Ҳозирда Ғўбдин массивида қурилиши режалаштирилган 18 та 5 қаватли уйларнинг қурилиш ости майдонининг онлайн аукцион ғолиблари аниқланиб, уй-жойларнинг лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда, - дейди вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Нарзиқулов. - Ургут тумани Мерганча массивида 18 та кўп қаватли уйнинг қурилиш ости майдонини аукцион савдосига чиқариш учун янги “YER-ELEKTRON” автоматлаштирилган тизимга қайта киритилди.
Вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясига биттадан мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, ҳокимлик ва туман ташкилотларининг маъмурий бинолари қурилиши учун ер майдонлари ажратилган.
Айни пайтда ушбу массивларнинг қурилиш лойиҳалари “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилиб, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУКга тақдим этилган. Шунингдек, уларнинг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича лойиҳалари тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Дилмурод Тўхтаев.