Самарқанддаги 167 коллеж ўрнида ташкил этилган 74 та профессионал таълим муассасаларида машғулотлар қандай олиб бориляпти?

Самарқанд вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрда қабул қилинган “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Кейинги йилларда юртимиз таълим тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўрта-махсус таълим соҳасида ҳам ўз аксини топди, – деди Самарқанд вилояти касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Насимов. – Таълимнинг ушбу бўғинида ўқув жараёни халқаро стандартларга мувофиқлаштирилган дастурлар асосида ташкил этиладиган уч тоифадаги таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятимизда ҳам шу пайтгача фаолият кўрсатган 167 та касб-ҳунар коллежи ўрнида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, 74 та таълим муассасаси, яъни 37 та касб-ҳунар мактаби, 15 коллеж ва 22 та техникум иш бошлади.

Бу йил вилоятдаги 37 касб-ҳунар мактабига 634 та корхона ва ташкилотларнинг буюртмалари асосида 48 та касб бўйича 8398 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабларга аввало, кам таъминланган оилалар фарзандлари қабул қилиниб, уларда тадбиркорликка, пировард натижада даромад олишга йўналтирувчи билим, малака ва кўникмалар ҳамда компетенциялар шакллантирилади.

Коллежларда эса таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичининг 4-даражасига мос келувчи, касбларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиқиб, 2 йилгача бўлган муддат давомида ўқитишга мўлжалланган таълим дастурлари асосида ўрта профессионал таълим мутахассислари тайёрланади.

Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар тасарруфида фаолият кўрсатадиган ва шу соҳадаги аниқ иш ўрни учун мутахассислар тайёрлайдиган ушбу коллежларга мактабларнинг 11-синф битирувчилари қабул қилинади.

Коллежларда Германия тажрибасида яхши самара берган “дуал” таълим дастурлари жорий этилади. Яъни, ўқувчилар ҳафтанинг маълум кунларида коллежда назарий билим олади, бошқа кунлари корхонанинг ўзида бириктирилган уста раҳбарлигида тўғридан-тўғри келажакда ишлайдиган иш ўрнида амалиёт ўтайди.

Учинчи тоифа – техникумларда таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи 5-даражасига мос келувчи, бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган, кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида 2 йилдан кам бўлмаган муддатга мўлжалланган таълим дастурлари асосида мактабнинг 11-синфини тугатган ёшлар ўқитилади. Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-босқичдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

2020/2021 ўқув йили учун 20 ноябрдан 30 ноябрга қадар вилоятдаги 13 коллеж ва 8 техникумда саралаш тест синовлари ўтказилди. 2 та коллеж ва 12 та техникумда эса ёзма имтиҳон шаклида касбий имтиҳонлар ташкил этилди. Саралаш тест ва ёзма имтиҳонлар натижаларига кўра 14695 нафар ўқувчилар қабул қилинди.

Пресс-тур қатнашчилари Самарқанд шаҳар касб-ҳунар мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. 7 йўналиш бўйича 220 нафардан ортиқ ўқувчи касб-ҳунар ўрганаётган муассасадаги ўқув-ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

– Мактабимизда умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирган йигит-қизлар бугунги кунда эҳтиёж юқори бўлган тикувчилик, сартарошлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш, компьютер дизайнери, чилангарлик каби касблар бўйича ўқитилмоқда, – дейди Самарқанд шаҳар касб-ҳунар мактаби директори Шуҳрат Толибов. – Бу йўналишлар бўйича ҳеч ким мажбуран олиб келиниб ўқитилмаяпти. Ҳамма ўз хоҳиши, келажакда танлаган йўлига қараб касб ўрганяпти. Масалан, мактабимиз жойлашган ҳудудда темирчилик яхши ривожланган. Ота-оналар фарзандларини олиб келиб, шу йўналиш бўйича ўқитиб беришни сўрайди. Ёки шу яқин атрофда бир неча трикотаж фабрикалари борлиги учун қизларимиз тикувчик йўналишини танлаб, шу ҳунарни пухта ўрганяпти. Икки йил давомида ўқиб, касб бўйича мутахассис бўлганидан сўнг улар шу соҳада меҳнат фаолиятини олиб боради.

Пресс-тур давомида келгуси йилларда таълимнинг мазкур бўғинида вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.