Самарқанддаги 4 та ННТга 60 миллион сўмдан грант маблағи ажратилди
Вилоят Матбуот уйида “ННТлар ўз лойиҳалари билан грант танловларида иштирокини янада кенгайтириш ва уларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда сўз олган халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раҳбари Ф.Тошев кейинги пайтда кўплаб грант танловлари ўтказилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу орқали муҳим бўлган лойиҳалар юзага келаётгани, бу албатта халқимиз манфаатига хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.
Хусусан, ўтган давр мобайнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий мақоми, мавқеи, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинганлиги ҳамда уларнинг сони йил сайин ошиб бораётганининг ўзи юртимизда ННТлар соҳасига алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг намунаси экани эътироф этилди. Энг муҳими, аҳоли орасида ННТларнинг фаоллиги ошаётгани ва улар томонидан кўрсатилаётган амалий ишлар натижасида бир қанча муаммоли масалалар ҳал этилиши баробарида қўшимча иш ўринлари яратилаётгани ҳақида ҳам сўз юритилди.
Тадбир давомида “Инсон ҳуқуқи ва эркинликларига амал қилиш ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш, ҳуқуқ ва манфатларини таъминлаш, маънавий-аҳлоқий билимларни ошириш, оилада ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллигини ошириш” мавзусида иккинчи давлат грантини ажратиш учун танлов эълон қилинганлиги ҳамда жамоат комиссиясининг хулосасига кўра 4 та ННТ ва жамаот ташкилоти ғолиб бўлганлиги айтиб ўтилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши, Zarnews.uz веб-сайти, “Самарқанд ёшлари” газетаси таҳририяти ҳамда Пайариқ тумани Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинига танлов мазмуни асосида ишлаб чиққан лойиҳалари учун 60 миллион сўмдан грант ажратилди ва уларга сертификат топширилди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.