Самарқанддаги 56 гектар иссиқхона нега "ишламаяпти"?
Ҳисоб-китобларга кўра, бир гектар иссиқхонада камида 50 тонна сабзавот етиштириш мумкин ва маҳсулотни бозор нархида килограмини ўртача 20 минг сўмдан сотганда ҳам бир миллиард сўм даромад дегани. Иккинчи ҳосилдан ҳам яна шунча фойда олинса, бир гектар иссиқхонадан йилига 2 миллиард сўм даромад қилса бўлади.
Бироқ туманларда мавжуд иссиқхоналар фаолиятига тадбиркорлар етарлича эътибор қаратмаётган кўринади.
Вилоят ишчи гуруҳи туманларда бўлиб, иссиқхоналарни ўрганди. Ўрганишларга кўра, Каттақўрғон туманининг Кадан маҳалласидаги 10 та иссиқхонадан атига иккитаси ишлаяпти. Нарпай туманидаги жами 5 гектарли 5 та иссиқхонадан 2 таси ишлаб турибди. Ваҳоланки, бир гектар иссиқхонадан 45 тоннадан 150 тоннагача помидор ёк бодринг етиштириш, ўнлаб иш ўринлари яратиш мумкин.
Пахтачи тумани Бурқут маҳалласидаги 29 та иссиқхонадан 11 тасигина ишламоқда. Ачинарлиси, “Туронбанк”нинг 1 миллиард 100 миллион сўм кредит маблағи ҳисобига ташкил этилган ва ҳар бири 1 гектардан 10 та иссиқхона ишламаяпти.
Оқдарё тумани Тараққиёт маҳалласида замонавий иссиқхона ташкил этиш учун ер майдонлари ажратилган. Бироқ бу ерлар тумандаги соҳа масъулларининг эътиборидан четда қолган ва ерни ўзлаштириш мақсад қилинган кўринади. Йўналишдан оғишган тадбиркорлар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ўрнига иссиқхона ҳудудида шлакоблок ишлаб чиқариш цехи ташкил этган.
Самарқанд тумани Ипакчи ва Тойлоқ тумани Ўзбекистон маҳаллаларидаги ҳолатни ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Бу ҳудудларда ҳам иссиқхоналарнинг аксарияти қаровсиз қолдирилган.
Умуман, ишчи гуруҳ томонидан вилоят туманларидаги 319 та фермер хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 500 гектар майдондаги иссиқхоналари мониторингдан ўтказилган. Иссиқхоналарнинг 223 гектари табиий газ, 227 гектари кўмир билан истилади ва 38 гектарида иситиш тизими мавжуд эмас. Тўлиқ плёнка қопланган иссиқхоналарнинг 474 гектари томчилатиб, 15 гектари ариқ сувида суғорилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2024 йилнинг январь-сентябр ойларида иссиқхоналарда жами 24 минг 843 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилган. Йил якунигача яна 18 минг 572 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулоти етиштириш режа қилинган.
Маълумот учун, бозорларимизда 30 сентябрдан 31 октябргача помидор 7,5 минг сўмдан 15 минг сўмгача, роппа-роса 2 каррага қимматлашган. Бодринг нархи 11 минг сўмдан 15 минг сўмгача, 36 фоизга ошган. Энди вилоятдаги иссиқхоналарда етиштирилган помидор ёки бодрингдан қанча даромад олиш мумкинлигини ҳисоблаб кўраверинг.
Иссиқхоналар учун қанча маблағ ажратилган?
Вилоятда 2017-2024 йилларда иссиқхоналарни ташкил этишда 8 та тижорат банки орқали халқаро молия институтлари кредит маблағлари ҳисобидан 97 та лойиҳа учун 35,3 миллион доллар кредит маблағлари ажратилган.
Президентимизнинг 2022 йил 2 ноябрдаги “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида вилоятда иссиқхона ва музлаткичли омборхона хўжаликларининг молиявий аҳволини соғломлаштириш мақсадида 280 та хўжаликнинг тижорат банкларидан 7 йил муддатга олган 1 триллион 122 миллиард сўм кредити муддатларини узайтириш бўйича таклифлар тайёрланган. Таклифларга асосан 257 та хўжаликнинг 1 триллион 7 миллиард сўм (92 фоиз) кредити 14 йил муддатга қайта расмийлаштириб берилган.
Қарс икки қўлдан чиқади
- Режага кўра, вилоятдаги мавжуд иссиқхоналардан бир мавсумда 26 минг тонна маҳсулот етиштириш белгиланган, - дейди агросаноатни ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими бош мутахассиси Файзулла Толлибоев. – Аммо ҳозирда вилоятимизда жами 56 гектар майдонда ташкил этилган 34 та иссиқхона фаолият юритмаяпти. Уларнинг айримлари кредит қарздорлиги туфайли, айримларида маҳсулот деярли тайёр бўлганда электр ёки табиий газдан узилган ва маҳсулотдан айрилгач, ишни ташлаб қўйган. Ўрганишларимизга кўра, тадбиркорларни кўпроқ воситачилар орқали хориждан келтириладиган сифатли уруғнинг қимматлиги, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш харажатларининг юқорилиги қийнамоқда. Бусиз сифатли маҳсулот етиштириш қийин, албатта бундай харажатлар маҳсулот таннархига қўшилади.
Президентимизнинг 2024 йил 26 сентябрдаги “Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан иссиқхоначиликда фаолият юритувчи тадбиркорларга қатор енгилликлар яратилмоқда. Жумладан, хориждан агроном ёки энтомолог жалб қилинганда унинг маоши 50 фоизи агентлик томонидан қопланиши белгиланди. Режага кўра, қўшимча қиймат занжирини яратиш учун иссиқхонага ер ажратилганди. Бунда иссиқхоначи ўртача 40 тонна ҳосил олиб, уни қайта ишловчи, экспортчи ёки бозор билан бўлса ҳам шартнома тузиб қўшимча қиймат занжирини яратиши, иш ўрни ташкил этиши лозим эди. Лекин ҳосил пишгандан кейин бошқа ҳудуд номидан савдога чиқиб кетяпти.
Масалага бир томонлама ёндошмаслик учун иссиқхоначилар муаммосига ҳам тўхталсак. 1 гектар иссиқхонани бир мавсумда иситиш учун 160 минг куб метр табиий газ ёки 215 тонна кўмир талаб этилади. Ўртача ҳисоблайдиган бўлсак, бир куб метр табиий газ учун 1500 сўмдан, кўмирнинг ўртача нархи тоннасига 1 миллион 200 минг сўмдан харид қилинади. Бу ҳам таннарх ошишига олиб келади. Фақат гидропоника усулидаги иссиқхоналар торфда ишлагани учун уларга ёқилғи эҳтиёжи бу қадар кўп эмас.
Соҳа субъектлари фаолиятида юзага келаётган муаммо ва табиий офатлар оқибатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича вилоят тезкор штаби ташкил этилди. Иситиш тизимидан узилган, умумий майдон 227 гектар бўлган 136 та иссиқхона хўжаликларининг белгиланган талабларга мос келувчи 76 таси ҳокимлик ва ҳудудий газ таъминоти билан уч томонлама шартнома имзолаб, газ тармоғига қайта уланди. Иссиқхоналардан самарали фойдаланиш ҳамда иш ўринларини кўпайтириш мақсадида ҳар бир туманда ўртача 5 гектаргача, вилоят бўйича жами 50 гектар майдонда иссиқлик тизимисиз, кигиз қопламали 10 сотихли ихчам, енгил конструкцияли иссиқхоналарни қуриш бўйича лойиҳа ташаббускорлари рўйхати шакллантирилди. Лойиҳа амалга ошириширилиши натижасида 500 нафар доимий ва 1200 нафар мавсумий янги иш ўринлари яратилди.
Табиий газ учун олдиндан тўловни 50 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда кафолатли ва узлуксиз табиий газ етказиб бериш, иссиқхона хўжаликларида нормативдан кам бўлмаган миқдорда маҳсулот ишлаб чиқарган (статистик кўрсаткичларда акс этган) ва реализация қилинган (ҳисоб рақами орқали) ҳар бир килограмм маҳсулот учун субсидия бериш тизимини жорий қилиш таклифлари ишлаб чиқилди. Муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳамда тегишли тартибда кафиллик, суғурта ва гаров тақдим этаётган иссиқхона хўжаликларига хизмат кўрсатувчи тижорат банклари томонидан айланма, хусусан уруғлик, кўчат, ўғит, кимёвий воситалари ҳамда табиий газ ва кўмир ёқилғиси учун қисқа муддатли кредит маблағлари ажратилишини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Ўктам Худойбердиев.