Самарқанддаги Боғибаланд маҳалласи мамлакатимиздаги биринчи туристик маҳалла мақомига эга бўлди
Айни пайтда бир неча асрлик анжир боғларию, ҳунармандчилик масканлари, ош паловию бошқа гўзал масканлари билан машҳур Боғибаланд маҳалласи раисига Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев томонидан туристик маҳалла мақомини берувчи сертификат тантанали тарзда топширилди.
Самарқанддаги илк туризм қишлоғи Конигил 2020 йилда очилган бўлса, мана, орадан уч йил ўтиб, мамлакатимизда илк туристик маҳалла ҳам айнан Самарқанд шаҳрида ташкил этилмоқда, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Бундай этнографик, вилоятнинг ўзига хослигини кўрсатиб берувчи ҳудудларга нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳларда ҳам қизиқиш кундан-кунга ортиб бораётганини вилоятга ташриф буюраётган меҳмонлар оқимидан ҳам билиши мумкин. Уларнинг сони келгусида янада ортиб бориши учун имкониятмиз бор.
- Мазкур маҳалла ушбу мақомга эга бўлиши учун бу ерда қатор ишлар амалга оширилди, - дейди Самарқанд шаҳар ҳокими Фазлиддин Умаров. - Хусусан, боғ ҳудудида 15 та дам олиш маскани ва миллий услубдаги дегустация учун жойлар ташкил этилди. Пиёда, велосипед, электромобиль, веломобиль, отда сайр қилиш учун шароит яратилди. Меҳмонларнинг қулай ҳаракатланиши учун йўл кўрсаткичлари, стелла ва боғ харитаси ўрнатилди. Ҳудудда тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди. Маҳалланинг барча учун қулай жойида Туризм ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилиб, зарурий маълумотлар жойлаштирилди. Шунингдек, анжир дарахтларини экиш, етиштириш, ҳосилни йиғиш жараёни билан сайёҳларни таништириш ва ушбу жараёнларда ташриф буюрувчиларнинг ўзлари ҳам иштирок этишлари ва дегустацияни ташкил этишга шароит яратилди.