Самарқанддаги фармацевтика корхоналари қанча дори ишлаб чиқарди?

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида ўтказилган Самарқандда дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ҳолати ва ривожлантириш имкониятларига бағишланган йиғилишда шу саволга жавоб изланди.

Унда вилоят ҳокими, сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, соҳага алоқадор ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.

Қайд этилишича, 2020 йилда вилоятда фаолият кўрсатаётган 6 та фармацевтика корхонаси томонидан 111 миллиард сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 2,4 баробар (2019 йил 46 миллиард сўм) кўп бўлса-да, республикада ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларининг 4,4 фоизини ташкил этади. Янги ишга туширилган корхоналар ҳисобига бу кўрсаткич жорий йилнинг январь-май ойларида 10 фоизга етди.

2020 йилда «Samarkand England Eco-Medical» қўшма корхонаси 925,3 минг долларлик дори воситалари, “OPTIMA SOBIRJON" масъулияти чекланган жамияти 722 минг долларлик тиббий қўлқоплар экспорт қилди.

- Дори воситалари импорт қилувчиларга солиқлардан бирмунча имтиёзлар берилган ва улар тежалган маблағ ҳисобидан ўзининг дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаси учун иқтисодий асос бор, - деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. -  Тадбиркорлар энг катта муаммоси бўлган ер ажратилишида Президентимизнинг 2021 йил 15-16 апрелдаги ташрифидаги топшириғига асосан барча туманларда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси филиаллари ташкил этилади. Хусусан, Жомбой туманида 107 гектар ер майдони ажратилиб, ҳудуд фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади.

Вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Н.Ибрагимовнинг айтишича, ҳозирги кунда Оқдарё туманидаги "Вакцина фарм медикал" МЧЖ, Самарқанд шаҳридаги "Samarqand England Eco-Medical" МЧЖ қўшма корхонаси, Паст Дарғом туманидаги "Фортуна Ургут медикал" МЧЖ, Жомбой туманидаги “Полидар Фарм” МЧЖ ва "PHARM PARTNERS GROUP" МЧЖларнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш лойиҳаларини ишга тушириш бўйича тадбирлар амалга ошириляпти.

Қўшработ туманидаги “FARANGIZ” хусусий корхонаси наъматак, пол-пола, ромашка, исириқ, туркиялик тадбиркор “Алихан органик агро” МЧЖ лаванда, Нуробод туманида “Samarkand Herbal medicine” ва “Баҳром бобо” фермер хўжалиги наъматак, коврак, қалампир ялпиз, далачой ўти, аччиқ бодом, қизил дўлана плантацияларини яратиш устида иш олиб бормоқда.