Сохта “фармацевт”лар фаолиятига чек қўйилди
Давлат божхона қўмитасининг контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ж.Н. бошқарувидаги “Нексия-2” русумли ҳамда фуқаро Ш.И. бошқарувидаги “Спарк” автомашиналари белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Мазкур автомашиналар юкхонаси ва салонида қоғоз қутиларга солинган хорижда ишлаб чиқарилган, сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган турли номдаги дори воситалари ва уларнинг ноқонуний реализациясидан олинган 21,4 миллион сўм пуллар борлиги аниқланди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Олиб қўйилган дори воситаларининг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра салкам 205 миллион сўмни ташкил қилмоқда.
Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро А.Х. 23 хил турдаги сифати кафолатланмаган дори воситаларини яширинча пуллаётган вақтида қўлга олинди. Олинган ашёвий далиллар умумий қиймати 50 миллион сўмлик 731 қути дори воситаларини ташкил қилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.