Самарқанддаги қайси олий таълим муассасаларида кечки таълим шакли мавжуд?
2022-2023 ўқув йили учун бакалавриатнинг кечки таълим шакли бўйича ҳам талабалар ўқишга қабул қилинади. Самарқанд вилоятида тўртта олий таълим муассасасида кечки таълим шакли мавжуд.
Кечки таълим шакли учун вилоятдаги айрим олий таълим муассасаларига қуйидаги қабул квотаси ажратилди:
Самарқанд давлат университетига – 275 та квота (ўзбек, рус, тожик гуруҳлари учун);
СамДУнинг Ўзбекистон-Финландия педагогика институтига – 625 та квота (575 ўзбек, 50 рус гуруҳлар учун);
Самарқанд давлат чет тиллар институтига – 950 та квота (870 ўзбек, 80 рус гуруҳлар учун);
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига – 650 та квота (400 ўзбек, 250 рус гуруҳлар учун).
Шунингдек, янги ўқув йилидан республикамизда бакалавриатнинг масофавий таълим шакли бўйича ҳам айрим олий таълим муассасаларига талабалар қабул қилишга рухсат берилди. Самарқандда бу йил Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали компьютер инжиниринги: (компьютер инжиниринги, АТ-сервис, мультимедия технологиялари) ҳамда дастурий инжиниринг йўналишларига 100 нафар талаба (70 ўзбек, 30 рус гуруҳлар учун) масофавий таълим йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинади.