Самарқанддаги “Саховат ва кўмак” фондига Кореядан ёрдам келди
Самарқанд вилояти “Саховат ва кўмак” фондига Самарқанд шаҳридаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамкорлари – Корея ҳукуматининг Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICA) ва Кеймюнг коллеж университети томонидан беғараз хайрия ёрдами топширилди.
– Биз Самарқанддаги касб-ҳунарга ўргатиш маркази билан самарали ҳамкорлик қилиб келамиз, – дейди Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КОICA)нинг мамлакатимиздаги офиси директори ўринбосари Парк Ми. – Шунинг учун бугунги пандемия шароитида ҳам вилоят халқига ёрдам беришга қарор қилдик. Биз тақдим этаётган озиқ-овқат маҳсулотлари айни пайтда ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонларнинг эҳтиёжини қондиришга ёрдам берса, ўзимизни бахтли ҳисоблаймиз.
КОICA томонидан аҳолининг кунлик истеъмоли учун муҳим бўлган озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат 850 тўплам беғараз ёрдами туман ва шаҳарларидаги эҳтиёжманд оилаларга етказилиши маълум қилинди.
2019 йил февраль ойидан буён Самарқанд касб-ҳунарга ўргатиш марказида “Самарқанд вилоятида касбий таълимни ривожлантириш лойиҳаси”ни амалга ошириб келаётган Кеймюнг коллеж университети эса “Саховат ва кўмак” фондига 2000 АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказиб берди. Шунингдек, мазкур университет Самарқанд шаҳридаги 54-умумтаълим мактабига пандемияга қарши курашишда мактабни дезинфекция қилиш, антисептик воситалар ва тиббий ниқоблар сотиб олиш учун 500 АҚШ доллари миқдорида маблағ топширди.
– Коронавиурс пандемияси шароитида аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш мақсадида бизнинг жамоамиз ҳам карантин тугагунига қадар ҳар ойда бир кунлик иш ҳақимизни “Саховат ва кўмак” фондига ўтказишга қарор қилдик, – дейди Самарқанд касб-ҳунарга ўқитиш маркази раҳбари И.Эргашев. – Бундан ташқари, ўзимиз ҳам шахсий маблағимиздан зарур ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосарлари Р.Қобилов ва А.Умаров кореялик ҳамкорларга беғараз ёрдам учун миннатдорлик билдирди.