Самарқандлик олимлар ва Корея маданий мерос соҳаси мутахассислари ҳамкорлиги давом этади
Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтида Корея маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ривожланиш бўйича расмий кўмак – ОДА (Official Development Assistance) лойиҳасининг жорий йилдаги фаолияти якунларига бағишланган анжуман ўтказилди.
Самарқанд, Бухоро, Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхоналари, Фанлар академиясининг Миллий археология маркази, Санъатшунослик институти ходимлари ҳамда кореялик мутахассислар иштирок этган анжуманда археологик топилмаларни реставрация ва консервация қилиш, археологик қазишмалар ва уларда қўлланиладиган замонавий тадқиқот усуллари, археологик ёдгорликларни ҳужжатлаштириш, топилмаларни кимёвий, физик усуллар ёрдамида таҳлил қилиш ҳамда уларнинг натижалари бўйича тақдимотлар қилинди.
– Институтимиз ва Корея маданий мерос агентлиги ҳамкорлигида “2022-2026 йилларга мўлжалланган Самарқанд маданий ва туризм ресурсларини ривожлантириш, салоҳиятини ошириш” ҳамда “Самарқанд археология институтида замонавий консервация ва реставрация лабораториясини ривожлантириш” лойиҳаси амалга оширилмоқда, – дейди Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов. – Унга кўра, ҳозир қиймати 3 миллион 800 минг АҚШ долларилик лойиҳа доирасида институт қошида Маданий меросни бошқариш ва топилмаларни реставрация ҳамда консервация қилиш маркази ташкил этилган бўлиб, кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда Қизлартепа ёдгорлигини биргаликда қазиш ва тадқиқ қилиш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва инвентаризация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Жомбой, Иштихон ва Нарпай туманларидаги археологик объектларда рўйхатга олиш, ёдгорликларнинг электрон базасини яратиш, қазишмаларда замонавий қурилмаларни қўллаш жараёнлари ҳам давом этмоқда.
ОДА лойиҳаси асосида Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ва Корея Республикаси Маданий мерос администрацияси ҳамкорлигида жорий йил март ойида Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” музейи реставрацияси учун 290 минг АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфланиб, музейнинг янги экспозицияси очилган эди.