Самарқанддаги янги туризм объектлари ва уларнинг имкониятлари ҳақида биласизми?

Вилоят туризм бошқармаси томонидан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида Самарқанд шаҳри ва туманидаги янги туризм объектларига инфо-тур ташкил этилди.

 Дастлаб 2023 йил 16-20 октябрь кунлари Самарқандда ўтказилган БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессияси доирасида Самарқандда ташкил этилган Халқаро туризм академияси фаолияти билан танишилди.

Самарқандда Халқаро туризм академияси фаолият бошлайди

Академия директори вазифасини бажарувчи Акмалжон Одиловнинг маълум қилишича, Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) билан ҳамкорликда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ҳузурида ташкил этилган ушбу халқаро академия жорий йилнинг октябрь ойида фаолият бошлайди.

– Дастлаб қайта тайёрлаш курсини ташкил этиб, 20 нафар туризм йўналишида дарс бераётган ўқитувчининг малакасини оширамиз, -  дейди А.Одилов. - Бунинг учун Бутунжаҳон туризм ташкилотидан мутахассислар жалб қилиниб, амалий ва назарий дарслар ташкил этилади. 2024 йилнинг январь ойидан ушбу ташкилот ҳамкорлигида яна 200 нафар ёш туризм соҳаси вакиллари бир ойдан бир йилгача қисқа муддатли курсларда ўқитилади. 2025-2026 йилдан бошлаб эса академияда давлат буюртмаси асосида бакалавр ва магистратура йўналишларида ўқиш мумкин бўлади. Дарслар халқаро ТОП даражадаги хорижий олий таълим муассасалари ҳамкорлигида қўшма таълим шаклида олиб борилади.

Академия биноси Самарқанд шаҳридаги Бобур Мирзо кўчасида жойлашган бўлиб, муассаса битирувчисига ҳамкор таълим муассасалари томонидан тан олинган сертификат берилади. Ҳар бир модулни тугатгандан сўнг, талабалар хусусий сектор ҳамкор компанияларида амалиёт ўташ орқали амалий тажриба орттириш имкониятига эга бўлади. Ўзбекистон академияга ўқув дастурларини маҳаллий шароитга кўпайтириш ва мослаштириш, ўқитувчиларга тренинг ўтиш, уларнинг малакасини ошириш дастурлари орқали менторлар тайёрлашга кўмаклашиш, лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш каби масалаларда кўмаклашади. Талабаларни ишга жойлаштириш, дастурларни такомиллаштириш ва мослаштириш, дастурларни тарғиб қилиш ва бошқаларда ёрдам беради.

Орол денгизи муаммолари дунё рассомлари нигоҳида

Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети қошидаги Арт-Резиденциясидамиз. Бу ерда ҳозирда “Орол денгизи” ва “Замонавий тасаввур” номли кўргазмалар ташкил этиляпти. Санъатшунос Улуғбек Саломовнинг айтишича, 10 дан ортиқ давлат рассомлари Самарқандга таклиф этилган ва Орол денгизи муаммоларига бағишланган кўргазма доирасида Қорақалпоғистонга сафар уюштирилиб, асарлар яратилган. Тасвирий санъат усталари томонидан йиғилган коллекция ва ўзига хос расмлар Арт-Резиденциясига совға қилинган. Мисол учун, латвиялик аёл Орол денгизи атрофида яшаётган аҳолининг турмуш тарзини кузатиб, саксовул, супурги ва тузни олиб келган. Яъни, одатда ўзбек хонадонларида одамлар эрта тонгда ҳовлисини, кўчаларини супурса, Орол денгизи атрофида яшовчилар ҳар куни туздан шундай тозалайди. Буларнинг барчасини дунёнинг энг машҳур рассомлари суратларида акс эттирган.

“Боғибаланд” маҳалласининг туризм имкониятлари кенгаймоқда

Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласи ўтган йил мамлакатимизда илк туристик маҳалла мақомини олди ва боғ ҳудудида 20 га яқин дам олиш маскани, миллий услубдаги дегустация учун жойлар ташкил этилди. Боғибаланд Соҳибқирон Амир Темур асос солган ва бугунгача сақланиб қолган машҳур 12 боғдан бири. У эски Кўҳак, ҳозирги Чўпонота тепалигининг ён бағрида, шаҳарнинг шимолий қисмида, Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида жойлашган. “Бобурнома”да мазкур ҳудудда Амир Темурнинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оғабегимга атаб “Боғибаланд” боғи барпо этилгани ва унда тўкин анжирзорлар борлиги ёзилган. Ҳозир ҳам боғнинг сақланиб қолинган қисми гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, ширин анжир-ю узум, олмалари билан машҳур. Шунинг учун ҳам бу ерга маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар кўп келади.

- Маҳалламизда 4885 нафар аҳоли яшайди, - дейди Боғибаланд маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Акмал Исмоилов. – Драйверимиз савдо ва хизмат кўрсатишга асосланган бўлиб, маҳаллага туризм маҳалласи мақомининг берилиши имкониятларимизни янада кенгайтирди. Ҳудудда пиёда, велосипед, электромобиль, веломобиль, отда сайр қилиш учун шароит яратилди, меҳмонларнинг қулай ҳаракатланиши учун йўл кўрсаткичлари, стелла ва боғ харитаси ўрнатилди. Маҳалланинг барча учун қулай жойида туризм ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилиб, зарурий маълумотлар жойлаштирилди. Шунингдек, маҳалладаги 40 гектар анжизор тўртта фермер хўжалигига бириктирилган бўлиб, ундан 75 та оила фойдаланмоқда. Анжир дарахтларини экиш, етиштириш, ҳосилни йиғиш жараёни билан сайёҳларни таништириш ва ушбу жараёнларда ташриф буюрувчиларнинг ўзлари ҳам иштирок этишлари ва дегустацияни ташкил этишга шароит яратилган.

Соҳибқирон бобомиз барпо этган анжирзордан қандай фойдаланиляпти?

Анжир жуда тез бузиладиган мева ва пишгандан кейин кўпи билан 8-10 соат туриши мумкин. Бошқа мевалар каби совуткичда ҳам сақлаб бўлмайди. Шу боис анжирни экспорт қилиш қийин. Хўш, Амир Темурнинг Боғибаланд боғида маҳалла аҳолиси томонидан етиштирилаётган анжирлар қаерга, қандай сотиляпти?

- Соҳибқирон Амир Темур бобомиз Испанияга юриши давомида Самарқандга анжир уруғларини олиб келгани ҳақида ота-боболаримиздан кўп эшитганмиз, - дейди Ҳожи бобо Мажидов. - Анжир уруғлари бобомиз барпо этган еттита боғда экилади, лекин фақат Боғибаланд маҳалласида анжир униб чиқади. Чунки шимолдан Зарафшон дарёсининг намлиги, ғарбдан Чўпонота тепалигининг иссиқлиги анжир етиштириш учун мос иқлим. 40 гектар боғнинг ҳар гектарида 100 тупдан анжир бўлиб, уни етиштириш авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Боғнинг 10 гектари бизга ажратилган ва ҳозир тўртинчи авлодимиз шу боғда меҳнат қилиб келмоқда. Сариқ анжир Боғибаланд бренди ҳисобланади ва йилига икки марта ҳосил беради. Биринчи ҳосилни баҳор ойларида эски новдадан оляпмиз. Иккинчи ҳосил янги новдадан август ойида олишни бошладик ва жараён октябргача давом этади. Анжирларнинг килосини 25-30 минг сўмдан ҳамда эрта пишганларини мураббо, шинни қилиб ва қуритиб вилоятимиз ва шу ҳудудга яқин маҳаллий бозорларга сотяпмиз.

 

“Конигил-2” лойиҳаси ишга туширилади

2020 йилда Самарқанд шаҳрида илк туризм қишлоғи Конигил ташкил этилган эди. Мана, орадан беш йил ўтиб, Конигил қишлоғини кенгайтириш ишлари бошланди ва лойиҳанинг икккинчи босқичида янги сайёҳлик йўналиши очилиши, меҳмон уйлари ҳамда ҳунармандчилик марказлари бунёд этилиши кўзда тутилган.

 - Лойиҳанинг умумий қиймати 45 миллиард сўм бўлиб, 22 гектар ҳудудни ташкил қилади, - дейди вилоят туризм бошқармаси масъул ходими Дилшод Саъдуллаев. - Масканда 72 та лотлар орқали меҳмонхоналар, уй меҳмонхоналари, савдо расталари, ҳунармандчилик устахоналари, миллий услубдаги умумий овқатланиш шохобчалари, дам олиш масканлари, узунлиги 2,5 километр бўлган вело ҳамда 3,5 километр пиёдалар йўлаклари қурилади. Вилоят ҳокимининг таклифига кўра, бир гуруҳ тадбиркорлар ҳамкорлигида ҳозирга қадар Самарқанд шаҳридан оқиб ўтувчи Оби Раҳмат, Сиёб ариқларининг атрофини тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Оби Раҳмат, Хўжа Дониёр маҳалласи аҳолиси, шунингдек, «СФХ» қурилиш корхонасининг 100 га яқин ишчилари Хўжа Дониёр мажмуасидан академик Воҳид Абдуллаев кўчасигача бўлган 2 километрлик ҳудудни тозалаб, ариқнинг икки томонидан 4 метрлик вело ва пиёдалар йўлаклари қуриш ишларини якунлади. Мажмуа атрофидаги 400 метрлик девор-тўсиқ олиб ташланди. 185 дона тунги ёритиш чироқлари ва 80 дан зиёд ўриндиқлар ўрнатилиб, “Сиёбча” каналининг 11 километр қисми ободонлаштирилди.

“Lavanda farm” ботаника боғига айлантирилади

Самарқандлик Сервер Осмонов 2017 йилда шаҳар марказидан 4 километр узоқликда “Lavanda farm” боғини ташкил қилган. У бир гектар майдонда лаванда ўсимлигини ўстирмоқда. Боғда маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар Франциянинг Прованс атмосферасига шўнғиш учун келишади.

- Ҳозирда бу ерда экскурсиялар, гулчилик бўйича маҳорат дарслари, фотосессиялар, пикниклар ва оилавий байрамлар ўтказилмоқда, - дейди  “Lavanda farm” боғи иш юритувчиси Ноиля Багаутдинова. - Биз лавандадан гулдасталарни йиғамиз, қуритилган гуллар, хушбўй ёстиқлар ва лаванда чойи қопларини тайёрлаймиз ва бу ерга келган сайёҳларга шифобахш, тинчлантирувчи хусусиятларга эга маҳсулотларни, турли доривор ўсимликларни сотамиз. Келажакда маҳсулотларимизни хорижга ҳам сотишни ва бу жойни 100 дан ортиқ ўсимлик турларига эга бўлган ботаника боғига айлантиришни режа қилганмиз.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.