Самарқанддан Абу Дабига авиарейслар сони кўпайтирилиши кутилмоқда

Мазкур масала Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти — Абу Даби маданият ва туризм департаменти бош директори ва вилоят ҳокими ўртасида ўтган учрашувда муҳокама қилинган.

Ҳокимлик ахборот хизматига кўра, бугун Эркинжон Турдимов Абу Даби маданият ва туризм Департаменти бош директори Салиҳ Муҳаммад Салеҳ ал-Газери бошчилигидаги делегацияни қабул қилган. Мулоқотда асосан туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Абу Даби ва Самарқанд ўртасида ҳаво қатновларини кўпайтириш муҳокама қилинган. Самарқанднинг туристик салоҳияти ва тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида сўз юритилган.

“Делегация раҳбари мамлакатимизда туристик соҳани ривожлантириш учун улкан салоҳият ва барча шарт-шароитлар мавжудлиги ва бундан унумли фойдаланган ҳолда ҳамкорликда иш олиб боришни мақсад қилганлигини қайд этиб ўтди. Якунда икки томон учун манфаатли бўлган ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича иш олиб боришга келишилди”, дейилади ҳокимлик хабарида.