Самарқанддан Нью-Йоркка тўғридан-тўғри авиақатнов режалаштириляпти
Самарқанд шаҳрида туризм соҳасида яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш, мавсумга боғланмаган ҳолда сайёҳларни жалб қилишдаги муаммо ва таклифлар муҳокама этилди.
Вилоят прокуратура, солиқ, божхона, туризм бошқармаси масъуллари, тадбиркорлар, тур-фирмалар вакиллари ва бошқа масъуллар иштирок этган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов жорий йилда туризм соҳасида эришилган ютуқлар ва келаси йилга мўлжалланган режалар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилда вилоятга 3 милллиондан ортиқ сайёҳ келган ва кейинги йилда бу кўрсаткични камида икки баробар ошириш имконияти бор. Соҳадаги янгиликлардан яна бири келгусида "Самарқанд – Нью-Йорк" тўғридан-тўғри авиарейси қўйилиши режалаштирилмоқда.
Тадбирда туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқдан қочиш ва ишчи сонини камайтириб кўрсатиш ҳолатларига ҳам тўхталиб ўтилди.

- Вилоятимизда меҳмонхона ва туризм хизматлари фаолияти бўйича жами 615 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, шундан 133 таси меҳмонхона, 112 таси хостел ва 370 таси оилавий уй меҳмонхоналардир, - дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Акмал Валиев. - Меҳмонхона 24 соат ва 24/7 режимда, ресепшн, ошпаз, фаррош, қоровул, камида 2-3 сменада одам ишлайди. Лекин ҳисоботларда бор-йўғи 1-3 та одам расмий ишга олинган. Таҳлил қилганимизда, 17 та меҳмонхонада ходимлар умуман кўрсатилмаган.
Яна бир оғриқли соҳамиз - туризмдаги туроператорлар, гидлар ва транспорт фаолияти бўлиб қолмоқда. Бу ерда вазият сал бошқачароқ, лекин номувофиқликлар бор.
Сайёҳлардан “Тур пакет” учун олинган тўловларнинг ҳаммаси ҳам расмий ҳисоботларда ўз аксини топмаяпти. Меҳмонхона, ошхона, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар дирекциялари ва транспорт корхоналари ёки эгалари билан тузилмаган ёки номигагина тузилган расмий шартномалар ҳам йўқ эмас.
Гидлар расман тадбиркор ёки ўзини-ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтмаган бўлса ҳам хизматдан фойдаланилмоқда.

Транспорт хизматларини кўрсатишда ҳам “соя”даги айланма жуда катта. Хусусий автобуслар, микроавтобуслар, комфорт типдаги енгил автомашиналар хизматда юрибди, катта оқимдаги туристлар ташиляпти, лекин бундан тушган даромад солиқ базасида акс этмаяпти.
Вилоятда умумий овқатланиш соҳаси фаолияти билан 202 та тадбиркорлик субъекти шуғулланади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, олинган даромадларни солиқ ҳисоботларида яшириб кўрсатиш ҳолатлар талай. Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган умумий овқатланиш корхона (ресторан)ларининг бир кунлик савдо тушуми камида 30-40 миллион сўмдан кам эмаслиги барчамизга маълум. Бироқ айрим умумий овқатланиш корхоналари томонидан кунлик савдо тушумини тўлиқ кўрсатмаслик ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.
Вилоятда 2223 та тадбиркорлик субъекти чакана савдо фаолияти билан шуғулланади. Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида чакана савдо нуқталарида бир кунлик савдо тушумининг энг кам миқдори
1-3 миллион сўмдан кам эмас.
Улгуржи савдо фаолияти билан жами 1917 та тадбиркорлик субъектлари шуғулланиб келмоқда. Бу соҳада ҳам, афсуски, юқорида айтиб ўтилган ҳолатлар бор.
Тадбирда тадбиркорлар ҳам соҳада учрайдиган муаммоларни билдиришди. Жумладан, “Оптимист” меҳмонхонаси мулкдори Искандар Сайдалиев соҳадаги бир қатор муаммоларни санаб ўтди.
- Хорижий тур-фирмалар бизга саёҳатчи юборгани учун комиссия харажати тўлаймиз, бироқ улар бир неча йилдан буён ҚҚС важи билан 20 фоиз қўшимча устама ундиряпти, - дейди И.Сайдалиев. - Эътироз билдирганимизда бизнинг ҳукуматимиз билан келишилганини билдиришади. Ваҳоланки, бундай келишув йўқ. Ҳисоблаб кўринг, 6 мингта меҳмонхона ойига 100 доллардан тўласа қанча бўлади, йилига қанча маблағ бўлади.
Президентимиз ташаббуси билан 2026 йилдан оилавий меҳмон-уйларига белгиланган 4 фоизлик ўрнига 1 фоизлик солиқ ставкаси қўлланиладиган бўлди. Бу биз, тадбиркорлар учун жуда яхши рағбат. Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2016 йилда оилавий меҳмон-уйлари 500 га ҳам етмаган бўлса, ҳозирда 6 мингдан ортиқ шу йўналишдаги тадбиркорлар фаолият юритмоқда. Ўзим туризм соҳасида қарийб 40 йилдан буён меҳнат қиламан. Кўряпманки, давлат томонидан туризмга кўрсатилаётган кўмак туфайли кундан кунга соҳа субъектлари сони ортиб бормоқда. Соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларга ечим топилса туризм фаолияти янада кенгаяди. Бунинг учун имконият ҳам, шароит ҳам етарли.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).