Самарқандга 50 та замонавий пахта териш машинаси келтирилди

Жорий йилда вилоятимиз пахтакорлари 60 минг гектар майдонда ғўза парваришлаб, 261 минг тоннадан ортиқ сифатли хом ашё йиғиштириб олишни режалаштирган.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 19 февралда қабул қилинган “2025 йил ҳосили пахта хомашёсини машиналарда териб олишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бу йил вилоятда етиштирилган ҳосилни терим машиналар ёрдамида йиғиштириб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур қарор асосида Жаҳон банки ҳамда “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти томонидан Самарқанддаги кластер корхоналари ва фермер хўжаликларига юқори унумли 50 та замонавий пахта териш машиналари ажратилди. Бу машиналарни лизинг шартлари асосида харид қилиш учун 36 миллирад сўм пул маблағи бўнак сифатида тўлаб берилди.

Хитой Халқ Республикасида ишлаб чиқарилган “Boshiran 7419” русумли мазкур машиналар тўрт қаторли бўлиб, мутахассисларнинг қайд этишича, бир кунда ўртача 50 тонна пахта ҳосилини териш қувватига эга. Эътиборлиси, машиналар юртимиздаги кластер корхоналари ва фермерларнинг фикрлари, пахта ҳосили етиштириш агротехникаси бўйича талаблари инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқарилган. Чунки, аввалги йилларда ушбу русумдаги пахта териш машиналари мамлакатимиз далаларида синовдан ўтказилган.

Янги терим машиналарини кластер ва фермерларга топшириш муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси масуъллари бу йилги пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан вазифаларни белгилаб берди.