Самарқандлик 7 киши афв этилди
Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллик байрами арафасида Президентимиз томонидан "Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон булган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармон имзоланди. Бу эса кўплаб оилаларга қувонч, шодлик ва умид олиб кирди.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир қилган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ фуқаролар афв этилди. Афв қилинган шахслар орасида вилоятимиздан 7 нафар фуқаро бор. Уларнинг 5 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилинди, 2 нафарининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо муддати бошқа турдаги жазо чоралари билан алмаштирилди.
- Йигирма етти ёшга кирдим, - дейди Нуробод туманининг Шўрча қишлоғида яшовчи Шоҳруҳ Қўчқоров. - Динни ниқоб қилиб олган кимсаларнинг алдовига учиб, уларнинг тузоғига тушиб қолдим. Оқибатда 7 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилдим. Жазони ўташ муассасасида озодлик, ҳузур-ҳаловат энг олий неъмат эканлигига амин бўлдим. Бугун эса давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан муддатидан олдин озодликка чиқдим. Бунинг учун Президентимиздан беҳад миннатдорман. Ҳар бир ота-она ўз фарзанди доим ёнида, бағрида бўлишини истайди. Бугун 4 йил менинг йўлимга кўз тикиб, кунни тунга улаб яшаган онаизоримнинг бағридаман.
Жазони ўташ муассасасидан келган фуқаролар шунчаки озодликка чиқариб юборилгани йўқ. Уларнинг муносиб иш билан таъминланиши, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун алоҳида тадбирлар режалаштирилган. Жамиятда муносиб ўрнини топиши учун уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда.