Самарқандлик тадбиркорлар аҳолига саховат кўрсатмоқда, кўмак бермоқда

Юртимиз бўйлаб кенг қанот ёзган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати самарқандлик тадбиркорлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Тадбиркору фермерлар маҳалла, қишлоқ, кўп қаватли уйларда яшаётган кам таъминланган оила, ишсиз аҳолини аниқлаб, ўз жамоаларига қабул қиляпти. Уларни иш билан таъминлаб, амалий кўмак бермоқда.
Қолаверса, саховатпеша тадбиркорлар карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган ва эҳтиёжманд фуқароларга кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини хайрия тариқасида тарқатиб, уларни моддий қўллаб-қувватламоқда.
Хусусан, “Ҳикматулло" хусусий корхонаси раҳбари Акмал Асадов ва “ALJ SAMARQAND” масъулияти чекланган жамияти менежери Шоҳрух Алибеков Самарқанд шаҳридаги Сиёбча ва
Дамариқ маҳаллаларида саховат тадбирларини ташкил этди. Сиёбчада яшовчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган аҳолига маҳалла раиси Р.Ғофуров ва фаоллари тақдим этган рўйхат асосида зарур маҳсулотлар етказиб берилган бўлса, Дамариқ маҳалласида озиқ-овқат ярмаркаси ташкил қилинди. Унда тадбиркорлар томонидан аҳолига 1000 та қолипли нон бепул тарқатилди, бозор нархидан арзон ҳолда товуқ гўшти, тухум, помидор, бодринг, кўкатлар савдоси йўлга қўйилди.
- Рамазон дуолар ижобат бўладиган ой, - дейди “Ҳикматулло" хусусий корхонаси раҳбари А.Асадов. - Бугунги синовли кунларда аҳолимизга имкониятимиз борича кўмаклашиш биз, тадбиркорларнинг бурчи.
Зеро, халқимиз оғир дамларда узатилган ёрдам қўлини ҳеч қачон унутмайди.