Самарқандлик тиббиётчи олимлар Душанбеда маҳорат дарслари ўтказди

Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиёт университети ўртасида 2018 йил ҳамкорлик шартномаси тузилган. Унга кўра, олий ўқув юртлариаро академик мобилликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш, фан ва таълим соҳаларидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, тиббий таълим ва илмий соҳаларга инновацион усулларни жорий қилиш, илм-фан ва соғлиқни сақлаш амалиёти учун мутахассислар тайёрлаш даражасини ошириш мақсадидаги ҳамкорлик ўрнатиш белгиланган. Ушбу ҳамкорлик натижасида Самарқанд давлат тиббиёт институтини бир нечта профессор-ўқитувчилар, шунингдек, Самарқанд шаҳар 2-ички касалликлар кафедраси ўқитувчилари бир ҳафта давомида Душанбе шаҳрида хизмат сафарида бўлди.

Институт профессор ўқитувчилари, даставвал Душанбе шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Тожикистон давлат тиббиёт университетида ўтказилган 69-халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди. Конференциянинг пленар йиғилишида ва ички касалликлар фанлари бўйича сексион қисмида 2-ички касалликлар кафедраси ўқитувчиси А.Муҳиддинов маърузалар билан қатнашди.
Хизмат сафари давомида Тожикистон давлат тиббиёт университетининг 3-сон ички касалликлар кафедраси жойлашган базада ҳам бўлиб, академик мобиллик дастури асосида ички касалликлар фанидан маъруза ва амалий машғулотлар олиб борилди.

Маъруза ва амалий машғулотлар давомида университет қошидаги клиникалар, хусусан, гематология, нефрология, кардиология ва гастроентерология бўлимларидаги мураккаб ва оғир беморлар кўрикдан ўтказилди, уларни ташхислаш ишлари амалга оширилди, клиник ординаторлар учун маҳорат дарслари ташкил қилинди.

Елеонора Ташкенбаева.