Самарқандликлар “Энг яхши тез тиббий ёрдам бригадаси” танлови ғолиби
Жорий йилнинг 9–11 апрель кунлари Нукус шаҳрида “Тез тиббий ёрдамни ташкил этишнинг долзарб муаммолари – 2026” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуман доирасида ўтказилган “Энг яхши тез тиббий ёрдам бригадаси” халқаро кўрик-танловида 19 та жамоа иштирок этди. Улар орасида мамлакатимиз ҳудудлари билан бир қаторда Қорақалпоғистон ва Андижон тиббиёт институтлари ҳамда Россия, Беларусь ва Қозоғистондан келган жамоалар беллашди.
Мусобақалар жараёнида иштирокчилар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, юрак-ўпка реанимациясини амалга ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганларга ёрдам бериш каби йўналишларда ўз маҳоратларини намоён этишди.
Якунга кўра, 3-ўрин Қозоғистон Республикаси жамоаси ва Фарғона вилояти филиалига, 2-ўрин Беларусь жамоаси ҳамда Қорақалпоғистон филиалига насиб этди. 1-ўрин Россия Федерациясининг Уфа шаҳри жамоаси билан бир қаторда Самарқанд вилояти филиали жамоаси томонидан қўлга киритилди.
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.