Самарқандликлар Нукусда амалий ишларни бошлади

Давлатимиз раҳбари топшириғи билан республикамиз вилоятлари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ёрдам бериш мақсадида Қорақалпоғистондаги туманларга бириктирилган эди.

Жумладан, Самарқанд вилояти Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус туманини ўз тажрибаси асосида янада ривожлантиришга кўмаклашади.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги бир гуруҳ масъуллар, тадбиркорлар ўтган йил декабрь ойининг сўнгги кунларида Нукусда бўлиб, маҳаллий раҳбарлар билан биргаликда туманни 2022-2024 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилган эди. Ўшанда Нукусда боғдорчилик, балиқчилик, паррандачилик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда метал профилларни ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, айни чоғда самарқандлик масъуллар Нукус тумани маҳаллаларида амалий ишларни бошлади.

Бугун туманнинг Тақиркўл овулида кам таъминланган, ёрдамга муҳтож 100 оиланинг ҳар бирига 40 донадан хонаки товуқ тарқатилди. Шунингдек, Крантов ва Тақиркўл маҳаллаларида 100 та хонадонда иссиқхоналар ташкил этилмоқда.

Дарсан, Тақиркўл маҳаллалари ҳудудидаги 6 километр ариқ ва зовурларни тозалаш ишлари бошланди.