“СамAвто”да яна бир замонавий янги автобус ишлаб чиқарилади

Самарқанд автомобиль заводида янги паст полли автобус – "SAZ LF70" прототипи ишлаб чиқилди.

Чорак асрдан ортиқ вақт давомида фаолият юритаётган “СамAвто” корхонасида замонавий автобуслар, пикаплар, енгил ва ўрта юк автомобиллари ҳамда махсус автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Корхона ташкил этилганидан буён 55 мингдан ортиқ автотранспорт воситаси ишлаб чиқарилган.

2024 йилнинг кузида корхона ўзининг яна бир ишланмаси, янги паст полли "SAZ LF70" автобусининг прототипини тақдим этди. Тақдимот “Комтранс Ташкент-2024” халқаро кўргазмасида ўтказилди.
– Янги маҳсулот “ISUZU” двигатели ҳамда жаҳон стандартларига мос автомат узатмалар қутиси, тормоз тизими билан жиҳозланган бўлиб, юқори хизмат муддати ва фойдаланиш хавфсизлигини кафолатлайди, – дейди корхона бош директори ўринбосари Ҳусен Қобилов. - Модел ҳаракатланиш имконияти чекланган одамлар учун махсус тизим билан жиҳозланган. Бекатларда тўхташ чоғида йўловчилар чиқиб-тушишига қулай бўлиши учун эшиклар томон эгилиб, кузов “чўкади”.

Бу моделнинг яна бир эътиборли томони, умумий 70 йўловчи сиғимига эгалигидир, жумладан 26 ўриндиқ мавжуд. Халқаро технологик регламентлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган паст полли автобус шаҳар жамоат транспортига мўлжалланган.
Корхонада "SAZ LF70 CNG" моделини серияли ишлаб чиқариш жорий йилнинг биринчи ярмида бошланиши режалаштирилган.

Самарқанд автомобил заводида экологик тоза технологияларга фаол сармоя киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, компания электробус ишлаб чиқариш борасида ҳам ҳаракатларни бошлаган.

Ринат AБДУЛМAНОВ.