Малайзия компанияси “Самавто” билан ҳамкорликда электробуслар ишлаб чиқариши мумкин
Ўзбекистон элчихонаси ходимлари Малайзиянинг Gemilang Coachwоrk Sdn. Bhd компаниясининг ижрочи директори Панг Чонг Ёнг билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Малайзия компанияси ва “Ўзавтосаноат” АЖ таркибидаги корхоналари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Gemilang Coachwork Sdn. Bhd компаниясининг ижрочи директори Панг Чонг Ёнг келгусида “Самавто” МЧЖ корхонаси билан корхона эҳтиёжлари учун алюминий кузовлар етказиб бериш ва биргаликда электро автобуслар ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишга қизиқиш билдирган.
Учрашув натижасида Малайзия компанияси билан “Ўзавтосаноат” АЖ ўртасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ва “Самавто” МЧЖ негизида электро автобуслар ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш бўйича онлайн музокаралар ўтказиш юзасидан келишиб олинган.
1992 йилда ташкил этилган, бош қароргоҳи Малайзиянинг Жоҳор штатида жойлашган Gemilang Coachwork Sdn. Bhd автобуслар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми мингга яқин автобус ва кузовни ташкил этади. Корхона маҳсулотлари АҚШ, Европа, Жануби-Шарқий Осиё ва Ўзбекистонга экспорт қилинади.