СамВМИда халқаро анжуман - “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва ветеринария таълими: Сўнгги ютуқлар ва янгича ёндашувлар”

Мазкур халқаро илмий амалий конференцияда Шарлотта Адриан хоним бошчилигидаги Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари, Португалиянинг Порту, Италиянинг Пизань, Падуи, шунингдек, Эстониянинг Тарту университетларидан вакиллар ва соҳа олимлари иштирок этди. 

Халқаро тадбирда ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибаларини ўрганиш, Ўзбекистонда чорвачилик, ветеринария соҳасини ривожлантириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари борасида тажриба алмашинди. 

Лойиҳа муаллифи ва бош координатори Августо Фаустинонинг фикрига кўра, 2016 йилда бошланган ва 5 йил муддатга мўлжалланган лойиҳа доирасида Ўзбекистонда амалга оширилган ишларни муваффақиятли деб ҳисоблаш мумкин. Профессор мазкур жараёнда Самарқанд ветеринария медицинаси институти профессор-ўқитувчилари, ёш олимлари ва тадқиқотчиларининг иштирокини алоҳида эътироф этди.

Шуниси қувонарлики, лойиҳа доирасида институтга 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги лаборатория жиҳозлари келтирилган. Европа мамлакатлари ва Ўзбекистоннинг чорвачилик соҳаси, ветеринария тиббиёти ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш саноати борасида анча тафовутлар мавжуд ва бу борада тажриба алмашиш, билим ва кўникмаларни ўртоқлашиш ижобий самара бериши шубҳасиздир. Мамлакатимизда ветеринария таълими салоҳиятини оширишда ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларини амалиётга жорий этиш, ўқув дастурларини жаҳон талаблари даражасида шакллантиришга имкон яратади. 

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Худойназар Юнусов тадбир иштирокчиларини қутлар экан, мазкур лойиҳалар натижасида институтнинг дунё ОТМ орасида нуфузи ортиб бораётгани, деярли барча йўналишлар ўқув дастурлари ва стандартлари Европа Иттифоқи ва жаҳон андазалари асосида модернизация қилинаётгани, сўнгги 5 йилда 100 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар ўз билим, малакаларини нуфузли ҳамкор ОТМларида оширишганини алоҳида таъкидлади. 

Тадбирда Европанинг учта мамлакатидан 4 та олий ўқув юрти, шунингдек, Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Нукус қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиаллари иштирок этди. 

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ахборот хизмати.