Сариқипчоқда бошланган ишлар нега ўлда-жўлда?

“Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича уч ой илгари вилоятимизда танланган 4 та “қизил” тоифадаги маҳаллада  муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилган эди. Жумладан, Жомбой тумани марказидан 30 километр олисда жойлашган Сариқипчоқ маҳалласида ҳам дастур бўйича ишлар олиб бориляпти.

Маҳалла ҳудудидаги Еттиуруғ, Сариқипчоқ ва Сўхмон қишлоқларида жойлашган 610 та хонадонда 3200 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 11 миллиард сўм маблағ сарфланиб амалга оширилиши кутилган дастурга асосан ҳудудда 13,5 километр масофадаги тупроқ йўллар шағаллаштирилиб, 26 та кўча ободонлаштирилиши кўзда тутилган. Ўнта хонадон эса намунали ҳовлига айлантирилган.

- Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ишлари дастурда кўрсатилгандек жорий йилнинг март ойи охирида якунланиши керак эди, - дейди Сариқипчоқ маҳалласи раиси Сирожиддин Эшбеков. – Аммо, турли сабаблар билан бу амалга ошмай қолди. Тўғри, ички кўчалар шағаллаштирилди. Юзта эски симёғоч ўрнига 125 дона темир-бетон устун ўрнатилди. Битта сув иншооти таъмирланди. 2 километр масофага интернет тармоғи тортилди. 2,7 километр пиёдалар йўлагининг асоси тайёрланди. Йўлларга шағал олиб келиш ҳашар йўли билан амалга оширилмоқда. Аҳоли машиналар учун ёқилғи олиб беряпти. Ҳозирда яна 3 километр ички кўчамизга шағал тўкииши зарур. Ҳисоблаб кўрсак, 120 машина тош керак бўлар экан, ёқилғи топишга қийналяпмиз.          

Бироқ, 2,4 километр ички йўлларни асфальтлаш, 2 та янги трансформатор  ўрнатиш ва 1,5 километр ёпиқ тармоқ тортиш ишлари ортга сурилмоқда. Битта янги сув иншооти қурилиши, 7,3 километр ичимлик сув тармоғи ҳам тортиш керак эди. Лекин бу ишлар ҳам бошланмади. Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 1 километр саломатлик йўлаги ва 20 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш ҳам ўлда-жўлда қолиб кетган.

Қурилишига 460 миллион сўм сарфлаш режалаштирилган янги маҳалла маркази биносини фақатгина пойдевори ташланибди, холос. Бунёдкорлик ишларини зиммасига олган “Жомбой махсус таъмирлаш” МЧЖ томонидан 15 минг дона пишиқ ғишт олиб келинган. Ишчилар йўқлиги учун қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Сухмон қишлоғи аҳолиси қишлоқни кесиб ўтган Булунғур ариғининг устидаги қўлбола кўприкдан қатнайди.

- Ариқнинг нариги томонида 15 та ҳовли бор, - дейди маҳалла оқсоқолларидан бири. - Ёғингарчилик кунлари фарзандларимизнинг шу кўприкдан ўтиб мактабга боришлари анча қийин. Шу сабабли янги кўприк қуриш дастурга киритилган эди. Бироқ ҳануз иш бошланмади.

Маҳалла аҳлининг боғча ёшидаги 375 нафар фарзанди бўлиб, улар 3 та хусусий боғчага сиғмайди. Кўпчилик боласини қўшни Булунғур туманидаги хусусий боғчаларга беришади. 320 ўринли 10-умумтаълим мактабида 600 га яқин ўқувчи сабоқ олади. Ўқув хоналари етишмаслиги сабаб ўқиш икки навбатда ташкил этилган. Мактабнинг эски биносини мактабгача таълим ташкилотига айлантиришга қарор қилинган эди. Бироқ маблағ ажратилмаганлиги туфайли қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлангани эмас.

- Дастурда мактабимиз учун 100 ўринли қўшимча бинолар қуриш ҳам кўзда тутилган, - дейди мактаб хўжалик ишлари мудири Обид Ортиқов. – Кичикроқ спорт зали ва фаоллар залимиз бор эди. Аммо, зилзилалар сабабли иккаласининг ҳам деворлари дарз кетиб бир-бирига суяниб қолган. Унинг ичига кириш тугул ёнига ҳам бориб бўлмайди, қулаб кетиши мумкин.

"Сариқипчоқ" оилавий шифокорлик пунктида ҳам маблағ йўқлиги сабабли таъмирлаш ишлари бошлангани йўқ. 

- Маҳалла аҳолисининг турмуш тарзини яхшилаш, қурилиш таъмирлаш ишларини ташкиллаштириш мақсадида тумандаги 26 та ташкилот раҳбарлари биркитилган, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Шаҳзод Сувонов. – Улар ўзларига ажратилган кўчага келиб, аҳолини ҳашар йўли билан кўчаларни тозалаш, йўлларни шағаллаштириб, асфальт билан қоплаш, пиёдалар йўлаги, бетон ариқлар қуриш, тунги чироқлар ўрнатиш каби ишларга бош-қош бўлишмоқда.

Бироқ, ҳамма кўчаларда ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кўнгилдагидек олиб борилмаётган кўринади. Маҳаллада бўлганимизда ҳозирча фақат 8 та ташкилот раҳбарининг ўзига биркитилган кўчаларда олиб борилган ишлари юзасидан ҳисоботлари билан танишдик. Туман кадастр идораси туман ҳудудий электр тармоқлари ва табиий газ идоралари, Туман деҳқон бозори маъмурияти, туман қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбарлари ўз зиммасига олган вазифани масъулият билан бажармаётганлиги кўриниб турибди. Улар орасида ҳали бирор марта ўзларига ажратилган кўчага келиб ўрганмаганлари ҳам бор экан.          

Юртинг обод - элинг обод, дейди халқимиз. Сариқипчоқ - ички имкониятлар ҳисобидан ҳар жабҳада намунавий, обод ва гўзал ҳудудга айлантирилиши лозим. Бунинг учун бу ишга масъул ҳар бир раҳбар аввало халқни рози қилиш, инсоннинг қадр-қимматини ошириш йўлида олиб борилаётган ишлар ислоҳотларнинг энг олий мақсади эканлигини англаши керак.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.