Сарсон бемор – “жойи йўқ” шифохона ёки соғлиқни сақлаш тизимида қачон тартиб бўлади?

Шифохона - беморларни даволайдиган маскан, сарсон қиладиган эмас, афсуски, Самарқандда бунга ҳамон амал қилинмайдиган шифохоналар бор.

Агар ўзим ҳолатга гувоҳ бўлмаганимда ёки бошдан ўтказмаганимда ҳатто вилоят кўп тармоқли шифохонасида ҳам беморларнинг сарсон қилинишига ишонмаган бўлардим. Чунки XXI аср, соҳада кўп нарса тартибга олинган, ҳар ҳолда тартибга олиниши шарт бўлган давр.

70 ёшга яқинлашган отам даволаниш учун шу шифохонага боришлари керак. Қоидаларни биламиз, қолаверса, ёши улуғ одамнинг саргардон бўлишини истамаймиз, шу сабабдан биринчи навбатдан ўзимиз яшайдиган тумандан тегишли тартибда тегишли ҳужжат — “ордер” олдик. Чунки шу ҳужжатингиз бўлса муаммосиз қабул қилишади ва даволашади. Аниқроғи, биз шундай деб ўйлаган эдик. Аммо ундай бўлмади. Ёши катта одам куни билан масала ҳал бўлишини кута-кута уйга қайтди: шифохонанинг гематология бўлими йўлланма билан келган беморни ҳам қабул қилмади.

Шифохона вакилларига кўра, касаллар кўплигидан беморни қабул қилишга жой йўқ экан. Менда эса аниқ жавоб талаб қилинадиган савол бор: Жой бўлмаса нега йўлланма бериляпти? Нега узоқ туманлардан беморлар саргардон қилиняпти? Бунинг учун жавоб берадиган одам борми? 

Аслида шифохона масъуллари айтганидай, “касаллар кўплигидан” эмас, “жой торлигидан” беморлар қабул қилинмаётган бўлиши ҳам мумкин. Наҳотки, масъуллар мавжуд вазиятга қараб бирор чора кўришмаган, аҳволни кўра била туриб, жой тўлган бўлса бошқа ечим йўқми? Беморлар “соғ бўласиз” дея қайтариб юборилаверадими?  

Отам қайтариб юбориларкан, ҳеч бўлмаса вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига мурожаат қилиб масалани ечишга ҳаракат қилиб кўрдик, аммо айрим масъуллар лоақал қўнғироғимизга ҳам жавоб бермади...

Ў.Қўзибоев.