“Саховат ва кўмак”: Бемор саломатлигини тиклаш учун 16,5 миллион сўм ажратилди

Самарқанд шаҳридаги “Илмобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мавлуда Қодирова фарзанди К.Саитовнинг соғлиги яхши эмаслиги сабабли жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фондига мурожаат қилди.

Фонд томонидан ушбу мурожаат ижобий ечим топди. Яъни, унга фарзандини даволатиш учун халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг тегишли сессияси қарорига асосан “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Самарқанд шаҳар бўлинмаси қошида ташкил қилинган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисоб рақамидан 16,5 миллион сўм ажратилди.
– Мурожаатим ижобий ҳал қилинганидан хурсандман, – дейди М.Қодирова. – Фарзандим саломатлиги оиламиз бахти, тинчлиги. Кўмак учун, давлатимиз томонидан қаратилаётган бундай эътибор учун мамнунмиз.
Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг май ойида Самарқан шаҳрида яшовчи “Темир дафтар”да рўйхатда турган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож 78 нафар фуқарога жами 400 млн сўмдан ортиқ маблағлар мақсадли йўналтирилди. Жумладан, соғлигини тиклаш ва даволаниш билан боғлиқ харажатларга 337 миллион сўм, моддий ёрдам учун 41,9 миллион сўм, уй-жой таъмири ва коммунал тўловлардан қарздорликни сўндириш ва бошқа харажатлар учун 21,4 миллион сўмлик маблағлар йўналтирилди.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бўлими ахборот хизмати.