Сайлов жараёнида маҳалланинг ҳам кузатувчилари иштирок этади

Илгари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига кўра, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга эди.

Сайлов кодекси билан ушбу норма бекор қилинди. Энди сайловларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар иштирок этиши ҳақидаги норма белгиланди. Қайд этиш лозимки, аввалги қонунчиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар қатнашиши ҳақида бирор бир норма йўқ эди.

Энди манфаатдор ташкилотлар сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн беш кун олдин ўз кузатувчилари тўғрисида ариза билан маълум қилади. Туман ёки шаҳар сайлов комиссияси ариза олинганидан кейин беш кун ичида кузатувчи учун мандат беради.

Бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Қонунчиликка кўра, кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларида иштирок этиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, яширин овоз бериш кабиналарининг ёки хоналарининг жойлаштирилишини ва сайлов қутиларининг муҳрланишини, фуқароларнинг рўйхатга олинишини, сайлов бюллетенларининг уларга берилишини кузатиш;

овозлар санаб чиқилаётганда ва сайлов комиссиясининг баённомаси тузилаётганда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаларини сўраш ва олиш;

агар тегишли сайлов участкасида ушбу Кодекснинг талаблари бузилишига йўл қўйилган, деб ҳисоблаш учун асослар бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида тегишли сайлов комиссиясига маълум қилиш.

Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритади. Яъни, участка сайлов комиссияси аъзолигига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан тақдим этилган номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилиниб, тасдиқлаш учун тегишли округ сайлов комиссиясига тавсия этилади.

Азиз БЎРИБОЕВ,

вилоят сайлов комиссияси котиби.