Сайлов натижаси Ўзбекистонда ислоҳотлар изчиллигини оширади
Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини 15 та халқаро ташкилот, қирқдан ортиқ хорижий давлатлардан келган кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатиб бормоқда.
Жумладан, юз нафардан ортиқ халқаро кузатувчилар бугун Самарқанд вилоятидаги овоз бериш жараёнларига гувоҳ бўлмоқда.
– Шу йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистонда Конституцияни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича референдум ўтказилганда энди бу ўзгаришларни тезроқ амалга ошириш учун Президент сайлови ўтказилса керак, деган хаёлга боргандим, – дейди Корея Республикасининг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, Сонмун университети профессори Чве Ён Ха. – Кутганимдек, Ўзбекистон Президенти муддатидан олдин Президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Мен бу юртда ишлаганим ва кейинги йилларда амалга оширилган янгиланиш, ўзгаришлар жараёнларига қизиқишим юқорилиги учун ушбу сайлов жараёнларида кузатувчи сифатида қатнашишга қарор қилдим. Сайлов кампанияси бориши билан танишдим, бугун овоз бериш жараёнларини кузатяпман. Ҳаммаси халқаро стандартлар асосида, Ўзбекистон сайлов қонунчилигига тўла амал қилинган ҳолда ўтказилмоқда. Мен Ўзбекистонни Кореянинг яқин ҳамкор давлати деб биламан ва юртингиздаги ислоҳотлар жараёнларини қўллаб-қувватлайман.
Туркиядаги “Соҳибқирон” стратегик тадқиқотлар маркази директори Месут Эмре Каракозе Самарқанддаги сайлов участкаларида сайловчиларнинг фаоллиги уларнинг юрт эртасига бефарқ эмасликларидан далолат эканлигини таъкидлади.
– Сайловга тайёгарлик, овоз бериш жараёнлари яхши ташкил этилибди. Бугун Ўзбекистон халқи ўзига муносиб етакчини сайлаяпти. Мен ишонаман, сайлов натижаси ўзбек халқининг эртанги ёруғ келажагига хизмат қилади, – деди Месут Эмре Каракозе.
Буюк Британиядаги “Chishty consultancy” консалтинг компанияси раҳбари Чишти Мак илк бор Ўзбекистонга келиб, сайлов жараёнларини кузатаётган бўлса-да ушбу сиёсий тадбир ҳақида батафсил маълумотга эга бўлганини таъкидлади.
– Аввало, Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш имконияти берилгани учун Марказий сайлов комиссиясига миннатдорлик билдираман, – дейди Чишти Мак. – Самарқанддаги учта сайлов участкасида овоз бериш жараёнларини кузатдим. Ташкилий ишлар жуда яхши ташкил этилган. Сайловчиларнинг фаоллигини алоҳида таъкидлашни истардим. Ёшлар ҳам, кексалар ҳам участкага келиб, ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланмоқда.
Халқаро кузатувчилар 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси фаолияти билан ҳам танишмоқда. Округ комиссияси раиси ва аъзолари билан учрашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб омоқда.