Сайлов сабоғи
Беларусь Республикаси ва Россиянинг Хабаровск ўлкасида содир бўлган воқеалар кишида чуқур ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Чунки собиқ шўро салтанатининг яқин келажакдаги қиёфаси айнан ана шу минтақаларда шаклланмоқда.
Хабаровскда амалдаги ўлка губернатори қачонлардир содир этган жинояти учун ҳибсга олинди. Губернатор Москвага олиб кетилиб, ўша ерда суд қилинмоқчи. Бундан бир қисм ўлка аҳолиси норози бўлиб, кўчаларга чиқди. Уларнинг талаби битта, у ҳам бўлса губернаторни ўз жойига ва ўз вазифасига қайтариш. Чунки уни халқ сайлаган ва фақат халқнинг ўзи ишдан озод қилиши мумкин, дейишмоқда улар. Губернатор Фургалнинг жиноятларига келсак, одамларни унинг ўн беш йилдан буён бекитиб келинаётган қилмишлари нега энди бугун очилгани шубҳалантираётир.
Беларусда бўлиб ўтган президент сайловлари ҳам кимнинг ким эканлигини яққол кўрсатиб қўйди. Одамлар сайлов натижалари қалбакилаштирилгани ҳақида иддао қилиб, давомли кўча намойишларига чиқишди. Лукашенко ҳам Путин сингари йигирма олти йилдан буён давом этиб келаётган пошшолигини яна чўзмоқчи бўлганди, ундан ҳафсаласи совиган халқ норозилик билдириб кўчаларга чиқди.
Лукашенко бугун умид кўзларини яна Москвага тикмоқда.
Шубҳасиз, Путин унга ёрдам қўлларини чўзади. Аммо нима эвазига? Ҳозирча масаланинг шу томони қоронғи бўлиб турибди.
Гап сайловлар ҳақида кетаркан, унинг нима эканлигини жуда яхши биламан. Нега десангиз, ўн тўрт ёшимдан бошлаб, сайлов кампанияларида иштирок эта бошладим. Мен синфбоши бўлганим боис, кўп ташкилий ишларда синф раҳбаримизга кўмаклашиб юрар эдим. Бир куни устоз қўлимга қалин дафтар бериб, сайловчилар рўйхатини олиб чиқишда ёрдам беришимни сўради. Микроҳудуддаги оилаларга кириб, буюрган ишларини айтганидек қилиб бажариб бердим. Шундан сўнг деярли барча сайловларда котиб, комиссия аъзоси, комиссия раиси ёрдамчиси, ишчи гуруҳ котиби, ишчи гуруҳ раиси сингари бепул амалларни ҳам бажариб келдим.
Энг охирги қилган ишим: бултур маҳалламизда ўтказилган оқсоқол сайловида бош-қош бўлдим ва уни иложи борича демократик руҳда ўтказишга ҳаракат қилдим.
Шўро замонидаги сайловлар ўзининг ажабтовурлиги билан яққол ажралиб турарди. Хавфлилиги шундаки, бу анъана ва нуқтаи назарларнинг айримлари ҳали-ҳамон шууримиздан кетган эмас.
Унда номзод, одатда, битта бўлар ва сайловчилар бюллетенни тўғри қутига олиб бориб ташлашарди. Кимда ким "чимилдиқ"қа кирса, шубҳа остига олинар, уларга нисбатан амалдорлар эҳтиёткорона муносабатда бўлишарди. Мабодо, бирор киши номзод номи устидан чизиқ тортадиган бўлса (эски тартиб бўйича номзоднинг фамилияси устидан чизиларди), у одамга тузумнинг душмани сифатида қаралар эди. Кейинги сайловлар бирмунча замонавий қилиб ўтказиладиган бўлди. Аммо усул ўша-ўша. Яъни юқоридан кўрсатиладиган номзодлардан кераклисига овоз тўплаб бериш лозим эди. Мабодо, етарли овоз йиғилмаса, кўпроқ овоз олганларнинг фоизи ҳам ўша одамга қўшиб юборилаверарди. Ушбу амалиётлар сўнгги инстанцияларда амалга оширилгани боис бирор кишининг бунга аралашишга на журъати ва на жасоратига эҳтиёж йўқ эди. Яна масаланинг шу томони ҳам бор эдики, депутатнинг ким бўлишидан қатъи назар ҳаётда ҳеч нарса ўзгармас ва буни ҳамма яхши биларди. Менинг тажрибамда кўрилган сайловларнинг нисбатан ҳаққоний бўлиб ўтганларига мустақиллигимиз арафаларида ва ундан бир-икки йил кейинги сайловларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Ундан кейингиларида эса гарчанд янги-янги либослар кийгизилган бўлса-да, сайловлар кўп ҳолда сийловларга айланиб кетди.
Энг қизиғи шундаки, бу сийловлардан ийиб кетган маъмурлар ортиқча ҳаракат қилиб ҳам юборишарди. Масалан, сайловларда кузатганим, халқ ҳақиқатан ҳам ўз номзодига овоз берди ҳам дейлик. Аммо юқоридан келган вакил овозлар сонини кўпайштиришга тиришади. Оқибатда кўрсаткич 98 фоиздан ошиб кетади. Охир-оқибат округ сайлов комиссиясидагилар овознинг ортиқча 20 фоизини “кесиб ташлайди”
Менинг фикримча, хабаровсклик сайловчилар ана шу оддий бир талабни ҳам бажаришмаган чоғи, энди унинг жабрини биринчи раҳбар сифатида губернатор Фургал тортаётир.
Беларусь Республикасида бўлиб ўтган кейинги президентлик сайлови ҳам худди ўша шўро давридаги сайловларни эслатмоқда. Номзодликка керакли одамни қўйиш, унга етарли овозни таъминлаб бериш, хуллас ҳамма ишни олдиндан белгилаб берилган сценарий асосида ташкил қилиш, бир сўз билан айтганда, сайлов эмас — спектакль.
Гарчи сайлов ҳар бир давлатнинг ички иши бўлсада, бошқалар унинг ютуқ ва хатоларидан сабоқ чиқариши зарур. Қараб турайликчи, натижаси нима бўларкин...
Худойберди КОМИЛОВ.