Сайёр қабулда муаммолар ўрганилди

Очиқ мулоқотда 4 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ушбу маҳаллада 2017 йилда бирорта жиноят содир этилмаганлиги эътироф этилди. Шу билан бирга, мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Жумладан, маҳалла фуқаролар йиғини биносида етарлича шароит йўқлиги, ҳудуддаги ички йўлларнинг таъмирталаблиги, жамоат транспорти қатновининг йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди. 
Туман ҳокими жорий йилда туман ҳокимлигининг ҳомийлиги ва ҳашар йўли билан замонавий маҳалла маркази бунёд этилиши, ички йўллар таъмирдан чиқарилишини билдириб, мутасаддиларга қисқа вақтда маҳалла ва туман маркази ўртасида автобус қатновини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди. 
– Таълим тизимида узоқ йиллар ишлаб, нафақага чиққанман, – дейди Назокат Алиева. – Қишлоғимизда мактабгача таълим муассасаси йўқ. Очиқ мулоқотда туманимиз ҳокимига қишлоғимизда мактабгача таълим муассасаси фаолиятини ташкил этиш масаласи билан мурожаат қилдим. Бу масала ижобий ҳал этиладиган бўлди. 
Сайёр қабул давомида аҳоли томонидан табиий газ, электр таъминоти, ишсизлик муаммолари кўтарилди ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар белгиланди.

Шуҳрат ҚАРШИЕВ.