Сайёр судда 30 нафар маҳкум жазодан озод этилди

Билиб-билмай, эҳтиётсизлик ортидан жиноят содир этган шахсларни тўғри йўлга бошлаб, фойдали меҳнат билан шуғулланишга жалб этиш, жамиятга мослашувини таъминлаш, маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бугуннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Шу жиҳатга эътибор қаратган ҳолда Самарқанд шаҳрида жиноят ишлари бўйича шаҳар суди судьялари томонидан пробация гуруҳи ҳисобида турган бир гуруҳ маҳкумларнинг жазосини муддатидан илгари тугатиш бўйича сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Жиноят қонунчилигида жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш билан бирга қонунга итоаткор маҳкумларга бир қатор имтиёзларни бериш ҳам назарда тутилган. Ушбу нормаларнинг амалиётдаги реал ижроси сифатида ИИБ пробация гуруҳи ҳисобида турган, белгиланган мажбуриятларни оғишмай бажарган 30 нафар маҳкум жазодан озод этилди.
Ориф Пардаев,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси.