Секторлар нега яхши ишламаяпти?
Жорий йилнинг II чорагида вилоятдаги Халқ қабулхоналарига жисмоний ва юридик шахслардан 11000 та (2018 йил II чорагида 13444 та), шу жумладан, вилоят Халқ қабулхонасига 2446 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатлар ниманинг ҳисобига камайган? Аҳоли муаммолари ҳал этилгани учунми ёки мутасаддиларнинг аризаларни «ёпиб» юбораётгани учунми?
Давлатимиз раҳбари жойлардаги Халқ қабулхоналари ташкил этилишидан олдин ўрта ва қуйи бўғинда одамларнинг дардини тинглаш, уларни қийнаб келаётган масалаларга ечим топиш, муаммоларини ҳал қилиш борасида ишлар тизимли олиб борилмаётганини танқид қилган эди. Айни шу сабабли Халқ қабулхоналари ташкил қилиниб, кейинчалик улар фаолиятини ташкил қилиш тартибига қатор ўзгартириш киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий этилди. Яъни, туман ва шаҳарлардаги сектор раҳбарлари ҳафтада бир марта сайёр қабул ўтказиши белгилаб қўйилган.
Бироқ мавжуд ҳолат бу тадбирлар баъзан хўжакўрсинга ташкил қилинаётганини кўрсатмоқда. Мисол учун, айрим сектор раҳбарларининг оммавий сайёр қабулларида 4-5 та, ҳатто 1 та мурожаат қабул қилингани кузатилган.
Шу билан бирга ҳудудлардаги сектор раҳбарларининг оммавий сайёр қабулида бошқа секторлар раҳбарлари ўринбосарлари ҳамда тегишли ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари иштирок этмаслиги мурожаатларнинг қонуний ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда. Оқибатда фуқаролар ечимини топмай келаётган масалалари юзасидан турли идораларга такрор ва такрор мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан энг кўп ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилган фуқаролар бўйича ўтказилган таҳлилларга кўра, Самарқанд вилоятидан 28 нафар фуқаролар турли идораларга 2892 марта мурожаат қилган.
Бундан ташқари, юқоридаги қарорда сектор раҳбарларига ҳудудларда уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни таҳлил қилиш ва ўз вақтида ечимини топиш вазифаси юклатилган. Аммо олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда секторлар фаолиятини ташкил этишда, уйма-уй юриб аҳолининг муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш масалаларида айрим камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Жумладан, уйма-уй юриш давомида аниқланган муаммоларнинг Ургут туманида 80 фоиз, Каттақўрғон туманида 80,4 фоиз, Пахтачи туманида 81,3 фоиз, Самарқанд шаҳрида 83,6 фоиз, Паст Дарғом туманида 84,9 фоиз, Қўшработ туманида 85,5 фоиз ва Иштихон туманида 86 фоизи ҳал этилган. Биргина шу рақамларнинг ўзиёқ секторлар фаолияти хўжакўрсинга ташкил қилинганини исботлаб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан ўтказилган мониторинг натижалари бу фикрни яна бир карра тасдиқлайди.
Жумладан, Паст Дарғом иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежида жойлашган 1-сектор котиби томонидан уйма-уй юриш тадбирлари давомида аниқланган муаммолар бўйича тегишли таҳлил ва таклифлар берилган бўлсада, туман ҳокимлигининг иқтисодиёт бўлими томонидан ҳалигача “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмаган.
Уйма-уй юриш жараёнида тўлдирилган саволномаларни такрорий ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзоларига бериб юборилган. Бироқ сектор штаби аъзоларидан бири – туман «Сувоқова» давлат унитар корхонаси ходими Э.Назаров билан туманнинг “Мевали” маҳалласида такрорий ўрганиб келаётганлигини билдирган “Мевали” маҳалласида танлов асосида бир нечта фуқароларнинг хонадонларига кирилганда, уларнинг бирортаси хонадонларига ишчи гуруҳ келганлигини тасдиқламаган.
Шунингдек, Пайариқ қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сервис касб-ҳунар коллежида жойлашган 1-сектор ишчи гуруҳи аъзолари вазифалар тақсимоти билан танишмаган.
Сектор штаби аъзоларининг кунлик йўқламаси бўйича журналга кўра, туман прокурорининг ёрдамчиси Д.Бекмуродов ва туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари А.Вахобовлар жорий йилнинг 1 февраль кунидан 31 май кунига қадар бирор марта секторга келмаган.
Табиий равишда савол туғилади: хўш, ҳудудларни секторларга бўлиб, одамларни дардини тинглашни йўлга қўйиш, жойлардаги муаммоларни тизимли бартараф қилишдан ким манфаатдор? Нега бу масала, жойларда мутасаддилар томонидан ҳамон тўғри ва тартибли йўлга қўйилмаяпти? Биринчи сектор, яъни туман ҳокимлари бош бўлган сектор штабларида иш белгиланган талаб даражасида йўлга қўйилмагач, бошқа секторлардан нимани кутиш мумкин?
Аслида бу ишларнинг ҳаммаси одамларни рози қилиш, муаммоларни жойида ҳал қилишдан иборат эмасми?
Ё.ГАДОЕВ.