Сенат 2025 йил учун Давлат бюджетини маъқуллади. Келаётган йилда бюджет харажатлари унинг даромадларидан 51,5 триллионга ортиқ
Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ушбу қонун камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳалар хизматларини яхшилаш ва «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантиришга қаратилган. Бюджетда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида сақланиши прогноз қилинмоқда.
Қонунга кўра, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431 трлн сўмни, харажатлари эса 480,5 трлн сўмни ташкил этади. Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўм, харажатлари эса 344,8 трлн сўм деб белгиланган. Ижтимоий соҳаларга бюджет харажатларининг 52 фоизи ёки 177,7 трлн сўм йўналтирилиши режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш соҳасига 41,3 трлн сўм ажратилади, бу 2024 йилга нисбатан 19,8 фоизга кўпдир. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун эса 3,6 трлн сўм ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ҳудудларда ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун махсус маблағлар ажратилади.
Сенаторлар қонун муҳокамаси давомида бюджет даромадларини ошириш ва маблағлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди. Давлатнинг таълим, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва экология соҳаларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлари сенаторлар томонидан юқори баҳоланди.
Қонунда белгиланган вазифалар нафақат иқтисодий барқарорлик, балки аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга ҳам хизмат қилиши таъкидланди. Мазкур қонун сенаторларнинг бир овоздан қўллаб-қувватлаши билан қабул қилинди.