Сенатда Қўшработ тажрибаси тақдимот қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати мажлисида камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича “Қўшработ тажрибаси” тақдимоти ўтказилди.

Видеоселектор шаклида ўтказилган мажлисда иштирок этган вилоятимиз вакиллари томонидан 2024 йилда Қўшработ туманида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот-тақдимот қилинди.

Унда ўтган йилда туманда ягона ижтимоий ҳимоя реестрида жами 4809 та камбағал оила рўйхати шакллантирилиб, тоифаларга ажратилганлиги ҳамда уларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режалар ишлаб чиқилганлиги билдирилди. Шу билан бирга, реестрдаги 1750 нафар фуқаронинг доимий бандлиги таъминланганлиги маълум қилинди.

Қўшработ туманида 2024 йилда ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 24,9 млн. АҚШ доллари бўлган 42 та лойиҳа амалга оширилиб, 850 та янги иш ўрни яратилган. 2025 йилда эса яна 56 та лойиҳани амалга ошириш орқали 907 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. 2024 йилда оилавий тадбиркорлик дастури доирасида 2339 та лойиҳага 35,1 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилган. Жорий йилда эса оилавий тадбиркорлик учун 45,0 млрд. сўмдан ортиқ миқдорда кредит ажратиш белгиланган.

Тақдимотда, шунингдек, таълим олиш ва касб-ҳунарга ўргатиш, кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам кўрсатиб берилди.