Сенатдаги ҳар бир муҳокама - тараққиёт йўлидаги яна бир қадам
Ўтган ҳафта Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибидан ўрин олган масалалар мазмунига эътибор қаратар эканмиз, уларнинг ҳар бири жамият ҳаётининг алоҳида, аммо ўзаро чамбарчас боғлиқ соҳаларига дахлдор эканини кўрамиз.
Шу ўринда қайд этиш лозим, бугун қонун қабул қилиш жараёнини фақат ҳуқуқий нормаларни белгилашдан иборат жараён сифатида баҳолаб бўлмайди. Ҳар бир қонун ортида инсон тақдири, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари, тадбиркорнинг фаолияти, жамият хавфсизлиги ва мамлакат тараққиётига дахлдор масалалар турибди. Шу маънода, ялпи мажлисда муҳокама қилинган қонунларнинг ҳар бири ҳаётдаги муайян эҳтиёж ва муаммоларга ҳуқуқий ечим беришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Истеъмолчи ҳуқуқи - бозор маданиятининг мезони
Бозор иқтисодиёти шароитида истеъмолчининг ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш - давлатнинг муҳим вазифаларидан бири. Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунга киритилаётган ўзгартишлар айнан шу мақсадга хизмат қилади. Амалда баъзи товарлардаги нуқсонларни уларнинг ташқи кўринишига қараб аниқлашнинг иложи йўқ. Бундай вазиятда истеъмолчининг ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун товар сифатини қўшимча текшириш зарурати пайдо бўлади.
Янги нормалар билан ана шу жараённинг ҳуқуқий асослари аниқлаштирилмоқда. Текшириш тартиби ва муддати, истеъмолчининг унда иштирок этиш ҳуқуқи, текшириш харажатларини қоплаш масалалари белгилаб берилмоқда. Эътиборли жиҳати, истеъмолчи товар сифатини ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча текшириш имкониятига ҳам эга бўлади.
Бу нормалар оддий фуқаронинг кундалик ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бозорда рақобат кучайган сари истеъмолчининг танлови ва ҳуқуқи ҳам ишончли ҳимояланган бўлиши керак. Қонун эса ушбу муносабатларда адолатли мувозанатни таъминлаш воситасидир.
Хавфсизлик - барқарор тараққиётнинг асосий шарти
Мамлакат тараққиёти ҳақида сўз борганда хавфсизлик масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қонунчиликдаги ўзгартишлар алоҳида аҳамиятга эга.
2016–2025 йиллар давомида давлат чегарасида 12 та ноқонуний ерости тоннели аниқлангани бу муаммонинг жиддийлигини кўрсатади. Бундай тоннеллар орқали товар-моддий бойликлар, валюта қимматликлари ва бошқа товарларни яширин олиб киришга уринишлар нафақат иқтисодий хавфсизликка, балки давлат чегараси дахлсизлигига ҳам таҳдид солади.
Шу боис Жиноят кодексида давлат чегараси орқали еростида ноқонуний тоннеллар ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш, бундай фаолиятни ташкил этиш ёки молиялаштириш учун алоҳида жавобгарлик белгилаш муҳим қадамдир. Бироқ қонун фақат жазолашдан иборат эмас. Унда инсонпарварлик тамойили ҳам мужассам. Жиноятни биринчи марта содир этган шахс ўз ихтиёри билан тегишли органларга ноқонуний тоннел ҳақида хабар берса ёки жиноятни фош этишга фаол кўмаклашса, муайян шартлар асосида жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги белгиланмоқда.
Бу ёндашув жиноятчиликка қарши курашишда профилактика ва ҳамкорликнинг аҳамиятини яна бир бор намоён этади.
Суд-ҳуқуқ тизимида янги ёндашувлар
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгартишлар эса фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг вақти ва маблағини тежаш, ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Низосиз талабларни судга мурожаат қилмасдан нотариус орқали расмийлаштириш имкониятининг кенгайиши, нотариуслар томонидан QR-кодли ижро хатларини электрон шаклда ижро органларига тўғридан-тўғри юбориш имкониятининг яратилиши рақамлаштириш жараёнининг амалий натижаларидир.
Бугун фуқаро давлат идорасида соатлаб навбат кутишни эмас, масаласини тез, аниқ ва шаффоф ҳал қилишни истайди. Замонавий ҳуқуқий давлатнинг вазифаси ҳам ана шу эҳтиёжга мос тизимни шакллантиришдан иборат.
Суд ҳужжатлари ижросини тўхтатиб туриш механизмларининг такомиллаштирилаётгани ҳам одил судлов кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади.
Очиқ дунё ва халқаро ҳамкорлик
Ялпи мажлисда халқаро фуқаро авиацияси соҳасидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ баённомаларни ратификация қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Бугун Ўзбекистоннинг халқаро транспорт ва логистика тизимларига интеграциялашуви тобора чуқурлашиб бормоқда. Шу маънода, фуқаро авиацияси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш нафақат транспорт, балки иқтисодий, сайёҳлик ва инвестициявий алоқалар учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Халқаро ташкилотларда мамлакатимиз манфаатларини муносиб ифода этиш, минтақавий манфаатларни илгари суриш ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этиш Ўзбекистоннинг очиқ ва фаол ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.
Сенатор сифатида мен бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлашни истардим: қонуннинг ҳақиқий қиймати унинг қабул қилингани билан эмас, балки одамлар ҳаётида қандай натижа бериши билан ўлчанади. Шунинг учун ҳар бир янги ҳуқуқий норма амалиёт билан уйғун бўлиши, фуқаронинг кундалик ҳаётида сезиларли енгиллик яратиши, давлат ва жамият ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлаши лозим.
Бугун биз қабул қилаётган қарорлар эртанги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий қиёфасини белгилайди. Қонун устувор бўлган жамиятда инсон ўз ҳуқуқини билади, уни ҳимоя қилиш механизмларига ишонади ва келажагига дахлдор қарорларда ўзини дахлдор деб ҳис қилади.
Демак, Сенатдаги ҳар бир муҳокама, ҳар бир қонун ва ҳар бир ҳуқуқий норма - тараққиёт йўлидаги яна бир қадамдир.
Марям НИЁЗОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.