Мирзо Улуғбек мадрасасининг вориси

Мамлакатимизда илк мадрасалар IX-X асрлардаёқ вужудга келган ва фаолият олиб борган. Самарқандда Работи Ғозиён, Иброҳим Тамғочхон мадрасалари, Бухорода Фаржак, Фақихлар мадрасалари фаолияти тўғрисида манбаларда маълумотлар бор. Манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг тадқиқотларига кўра, IX-XII асрларда Самарқандда 50 дан ортиқ мадраса бўлиб, улар шаҳарнинг ўзига хос “олий ўқув юртлари шаҳарчаси” Работи Ғозиёнда жойлашган. Таълим-тарбия тизими уч босқич ҳамда унинг уч муассасаси - мактаб, ўрта ёки ўрта махсус маълумот берувчи мадраса ва мадрасаи олиялардан иборат бўлган. Ўрта махсус таълим мадрасалари "мадрасатун ҳарбия" (ҳарбий билим юрти), "мадрасатун муаллимин" (педагогика институти) шаклида, юқори босқич илм маскани - университетлар эса "мадрасаи улум" (илмлар мадрасаси) номи билан мавжуд бўлган.

Шарқ Уйғониш даври алломалари айнан шу заминда етишиб чиқишининг маълум сабаблари мавжуд. Чунки таълим тизими, мактаб, мадрасалар бўлганлиги учун ҳам бу диёрда жаҳон илм-фанига ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби олимлар етишиб чиқди.
Шарқ Ренессансининг иккинчи даври - Темурийлар замонида Самарқанд илм-фан марказига айланди. Ўша даврда Бибихоним мадрасаси, Ферузшоҳ мадрасаси, Муҳаммад Султон мадрасаси, Қутбиддин Садр мадрасалари бунёд этилди. Бу мадрасалар бежиз фаолият юритмаган. Чунки Амир Темур салтанатини кенгайтирар экан, уни янада мустаҳкамлаш учун зиёлиларни тайёрлашга эҳтиёж пайдо бўлди.

ккинчидан, Амир Темур қайси мамлакат ва ўлкада бўлмасин, у ердаги машҳур олим, табиб, ҳунарманд ва иқтидори баланд мутахассисларни Самарқандга олиб келди. Шунинг учун Самарқандда Мовароуннаҳр, Хуросон, Рум, Эрон, Шом, Ҳиндистоннинг турли шаҳар ва кентларидан мутахассислар тўпланди. Жумладан, булар Саъдиддин Масъуд Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний, Салоҳиддин Мусо Қозизода Румий, Абу Сайид ибн Бурҳониддин Соғаржий, Мавлоно Камолиддин Кеший каби олимлар, Фахри Али, Олим Насафий, Зайниддий Шамси Табриз, Муҳаммад ибн Маҳмуд Исфаҳоний сингари ҳунармандлар, меъмор ва муҳандислар, Юсуф Шерозий, Муҳаммад бин Ҳожи Бандгир ал-Туғроий Табризий каби наққош ва хаттотлар эди.

1420 йилда Мирзо Улуғбек мадрасаси қурилгач, биринчи маърузани Шамсиддин Муҳаммад Хавофий ўқиди ва мадрасанинг биринчи мударриси сифатида фаолият бошлади. Хавофий маърузасида математика шеърий усулда талқин қилинади. Маърузани тинглаган 90 нафар толиби илм вакилларидан фақат 2 киши - Мирзо Улуғбек ва Қозизода Румий мавзу моҳиятини англаб етган. Мирзо Улуғбек мадрасасида ижод қилган Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший ва Али Қушчи ўз даврининг академиклари бўлган. Қозизода Румий Улуғбек мадрасасида дарс бериш билан бирга, математика ва астрономия соҳасида илмий изланишлар олиб борган. Унинг биринчи асари “Шарҳ ашкол ат-таъсис” бўлиб, унда Румий самарқандлик олим Шамсиддин ибн Мухаммад ас-Самарқандийнинг геометрик рисоласига изоҳ битган. Бу рисола Мирзо Улуғбек мадрасасида ва кейинги даврдаги мадрасаларда геометрия бўйича дарслик вазифасини бажарган. Қозизода Румий “Шарҳ ал-мулаххас фи-л-ҳайъа ва-нужум” асарини яратади ва шу асар асосида мадрасада астрономиядан дарс беради.
Шунингдек, мадрасада Ғиёсиддин Жамшид Коший ҳам астрономиядан дарс берган ва ўзи зиж тузган. У асли Ироқи Ажамнинг Кошон шаҳридан бўлиб, Улуғбекнинг зиж илмига қизиқишини эшитиб, Самарқандга келган.

Самарқандда фаолияти даврида Коший ўз “зиж”ини тугатиб, совға сифатида Улуғбек кутубхонасига тақдим қилади. Бу зиж “Зижи ҳақоний дар такмили зижи Элхоний” дея номланган ва Улуғбек “зиж”игача энг мукаммал асар бўлган. Коший математика соҳасида анча салмоқли ва илмий жиҳатдан қимматли ютуқларга эришди. Унинг “Мифтоҳ ал-ҳисоб” ва “Рисола ал-муҳитиййа” номли математик рисололари Самарқанд мадрасаси ва унинг илмий муҳити маҳсули. Самарқанд илмий мактаби ва Улуғбек мадрасаси тўғрисида Кошийнинг отасига ёзган хати қимматли манба ҳисобланади. Унда Самарқанддаги илмий муҳит ҳақида баён этилган бўлиб, Улуғбекнинг заковати юксак баҳоланган. Ушбу хатдан Самарқанд мадрасаси олимлари Птолeмей геоцентрик тизимининг изчил тарафдорлари эканлигини ва унинг “Ал-мажистий” асарини ўқиб ўрганганлигини билиш мумкин. Кошийнинг хатида Мирзо Улуғбек мадрасасининг ўқитиш тизими, дастурлари, баҳолаш мезони ва вақф мулклари тўғрисида маълумотлар ҳам келтирилган.
Улуғбек мадрасасида фаолият кўрсатган Самарқанд астроном олимларидан энг забардасти Али Қушчи эди. У Шарқ ва Ғарб фанларини бир бирига боғлаган ҳолда таҳлил қилди ва асарлар яратди. Али Қушчи XV асрнинг 60-йиллари охирларида Истанбулга бориб, Истанбул мадрасасига биринчи мударрис бўлган.

Мадрасада ўқитиладиган илмлар хусусиятига кўра уч тилда – туркий (ўзбек), араб ва форс тилларида олиб борилган. Ҳар бир мадрасада унинг вақфномасида белгиланган даромадларга ҳамда ихтисосига қараб, толиби илмлар сони, миқдори, садр-мутаввали, мударрис, муъид, ҳофиз, имом, муқри, ноқит, мужовир, фаррош, мусдир ва бошқалар сони белгиланган. Садр-мутаввалига мударрислар ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, мадрасани таъмирлаб туриш вазифалари юкланган.
Мадраса иш бошлаганда толиби илмларнинг билим савияси, даражаси аниқланиб, улар уч гуруҳ - аъло (юқори), авсат (ўрта) ва адно (паст)га ажратилган. Толиби илмнинг қайси гуруҳга мансублигини билиш учун улар имтиҳон қилинган. Имтиҳонни Қозизода Румий раҳбарлигидаги махсус ҳайъат ўтказган. Имтиҳон маросимида баъзан Мирзо Улуғбек ҳам қатнашган.

Мадрасада ўқув жараёни олти ой давом этган. Дарс мезон ойининг биринчи куни (21 сентябр) бошланиб, ҳамал ойининг биринчи кунигача (21 март) давом этган. Ҳамал ойидан мезон ойигача таътил ҳисобланиб, толиби илмлар деҳқончилик, ҳунармандчилик, масжид имомлиги ва бошқа ишлар билан шуғулланган.
Мадрасада таълим олиш муддати 8 йил бўлиб, шу муддат ичида толиби илмга ойлик ва улуфа берилган. Қобилияти ва истеъдоди билан ажралиб турган толиби илмлар мадрасанинг ўзида мударрис сифатида олиб қолинган.

Мадрасани хатм қилган толиби илмларга дарс ўқиш, яъни мударрислик қилиш мумкинлигини билдирувчи ижозатнома – диплом берилган. Дипломда толиби илм томонидан ўзлаштирган илм ва ўрганган асарлар номи ёзилган. Мадрасанинг бош мударриси Салоҳиддин Мусо Қозизода Румий томонидан 1435 йил санаси билан берилган ижозатнома ҳозирги кунда ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалари фондида сақланяпти.

Улуғбекнинг вафотидан сўнг ҳам мадраса ўз фаолиятини давом эттирди. Мавлоно Давлатшоҳ Самарқандийнинг "Тазкират уш-шуаро" асарида ёзишича, 1487 йилда мадрасада 100 нафардан ортиқ толиби илм бўлган. Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоиси"да ёзилишича, мадраса талабаларига Хожа Фазлуллоҳ Абу Лайсий, Мавлоно Хожа Хурд ҳам мударрислик қилган.
Шайбонийлар даврида Улуғбек мадрасасида аниқ ва табиий фанлар, айниқса, тиббиётнинг турли соҳалари ўргатилган. Аштархонийлар даврида Ялангтўшбий Баҳодир томонидан Регистон майдонида яна иккита - Шердор ва Тиллакори мадрасалари қурилди.

Ушбу анъанавий илм даргоҳлари XIX асрнинг иккинчи ярми XX асрнинг бошларида ҳам олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритган. Мадраса фақат XVIII асрнинг 20-30-йилларида жунғорлар ҳужуми даврида вақтинча фаолиятини тўxтатган. Кейин эса XVIII асрнинг 70-йилларида яна фаолиятини давом эттириб, XX асрнинг 20-йилларигача мавжуд бўлган.

Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасасининг бевосита вориси ҳисобланади. Жаҳондаги университетлар билан қиёслайдиган бўлсак, Европадаги Сарбонна, Оксфорд, Болонья, Кембриж университетлари XII-XIII асрларда дастлаб черковлар қошида вужудга келган мактаблар бўлган. Дунёвий илмларнинг ўқитилишига черков йўл бермаган. Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида эса дунёвий илмлар ўқитилган ва илмий тадқиқот ишлари олиб борилган.

Шокир ҒАФФОРОВ,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори, тарих фанлари доктори.
Олимжон ИРИСҚУЛОВ,
университет доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).