Сенаторлар журналистлар билан учрашди
Самарқанд вилоят Матбуот уйида Олий Мажлис Сенати аъзолари билан оммавий ахборот воситалари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Дастлаб сенаторлар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, доимий комиссиялар фаолиятининг матбуот нашрларида ёритилиши билан танишди. Жумладан, "Зарафшон", "Самаркандский вестник", "Овози Самарқанд", туман ва шаҳар газеталарида маҳаллий Кенгашлар фаолияти, улар томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари қарорларининг бажарилиши, шунингдек, сенаторлар, депутатларнинг газеталардаги чиқишларини кузатди.
Шундан сўнг вилоятда чоп этилаётган матбуот нашрларида фаолият юритаётган журналистлар билан учрашди.
- Ташрифимиз давомида жойлардаги аҳвол, таълим сифати ва бошқа масалаларни ўрганганимизда Ургут туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактабида ўтган йил 11-синфни битирган ўқувчиларнинг атиги бир фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган, - дейди Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров. – Демак, бу ер таълим масканида сифатли таълим берилмаган. Афсуски, бундай ҳолат бошқа жойларда қониқарли даражада, деб бўлмайди. Журналистларимиз эса шу каби жамиятимизнинг оғриқли нуқталарини ёритишда фаоллик кўрсатишлари керак. Тўғри, бу борада анча ижобий ўзгаришлар бўляпти. Мана, бугун вилоятда чоп этилаётган газеталарнинг аксарияти билан танишиб, таҳлилий, танқидий мақолалар, таклифлар кўпайганини кўряпмиз. Бугунги талаб бундан-да катта. Зеро, журналистнинг фаоллиги, муаммони кўрсата олиши жамиятнинг ривожига хизмат қилади.
Учрашувдан сўнг сенаторлар вилоят матбуот тарихи музейида бўлиб, бу ерда сақланаётган газеталар ҳамда матбуот нашрларига оид экспонатлар билан танишди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.