Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандлик бир гуруҳ ОАВ ходимлари Ўзбекистон Журналистлари уюшмасига аъзо бўлди

Хабар қилганимиздек, вилоят Матбуот уйида Президентимизнинг “ОАВни қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси қандай?" мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда АОКА вилоят бўлими вакиллари, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

- Бугун журналистика соҳаси ривожи йўлида сезиларли ишлар қилиняпти, - деди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров. – Энг яхши материаллар муаллифларига катта-катта мукофот пуллари, қалам ҳақи берамиз, деб ният қилгандик, мана, Президентимиз ушбу қарор билан орзуларимизни амалга оширди. “Олтин қалам” миллий мукофоти ғолиби 2023 йилда автомобиль минади. Ҳар йили 50 нафар журналистни ривожланган хорижий давлатларга тажриба алмашиш учун юборамиз. Журналистлар ўртасида рақобатни кучайтириш мақсадида топ-100 талик эълон қилинади.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси томонидан 60 нафардан ортиқ фаол, тажрибали журналистларга аъзолик билетлари топширилди.

Бундан ташқари, вилоят Матбуот уйида Тошкент вилояти ОАВ вакиллари, хусусан, “Тошкент ҳақиқати” газетаси таҳририяти ходимлари иштирокида “Босма нашрларни бошқаришда муҳаррирнинг ўрни” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда бугунги кунда муҳаррирлар фаолияти билан бирга, босма нашрлар олдида турган муаммолар таҳлил қилинди. Дуч келинаётган камчиликларга ечим изланди.

Тадбир сўнгида тошкентлик меҳмонлар “Зарафшон”, “Овози Самарқанд”, “Самаркандский вестник” газеталари таҳририятларида бўлиб, самарқандлик журналистлар фаолияти билан яқиндан танишди, ўзаро тажриба алмашди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.