Журналистлар спортда беллашди

Бугун Тойлоқ туманидаги болалар ўсмирлар спорт мактабида вилоятдаги оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган журналистлар ўртасида спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси турлари бўйича мусобақа ўтказилди.

Мазкур беллашув Тойлоқ туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги вилоят ёшлар фестивали доирасида ва 27 – июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкил этилди.

Байрамона ўтказилган спорт тадбирида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев, Тойлоқ туман ҳокими Б.Бобоназаров қатнашиб, 50 нафарга яқин журналистлар қатори ўзлари ҳам спортда беллашди ва барчани касб байрами билан табриклади.

Иштирокчиларга уюшманинг вилоят бўлими ва туман ҳокимининг ташаккурномаси ва совғалари топширилди. Спорт тадбири ташкилотчиларига Уюшманинг вилоят бўлими ташаккурномаси берилди ва китоб тарқатилди. Қизиқарли ва муросасиз кечган баҳс якунига кўра, қуйидагилар ғолиб бўлганлиги эълон қилинди.

Спорт тадбири иштирокчиси Аброрхон Аҳмадхоновга “Энг ёш иштирокчи” номинацияси берилди.

Стол тенниси бўйича вилоят телерадиокомпанияси телеоператори Салоҳиддин Умаров биринчи ўриннни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни “Zarnews.uz” интернет нашри мухбири Анвар Мустафоқулов эгаллади. Учинчи ўрин тадбир меҳмони, Навоий вилоят телерадиокомпанияси бош муҳаррири Ғолиб Абдусаломовга насиб этди.

Стол тенниси мусобақасининг аёллар ўртасидаги беллашувида “Зарафшон” газетаси мухбири Гулруҳ Мўминова ўйиндаги рақиби “Самаркандский вестник” газетаси мухбири Замира Балтаевани енгди. Учинчи ўрин Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Нигина Раҳматовага насиб этди.

Шахмат ақл беллашувида Паст Дарғом тумани “Паст Дарғом ҳақиқати” газетаси жамоатчи мухбири Нурбек Қодировга тенг келадигани топилмади.
Иккинчи ва учинчи ўринлар Навоий вилоят телерадиокомпанияси вакилига ва “Қўшчинор” газетаси муҳаррири ўринбосари Абдулла Нисоровга насиб этди.

Мусобақанинг шашка бўйича беллашувида “Зарафшон” газетаси мухбири Хуршида Эрназарова барча рақибларидан устун келди. Иккинчи ўринга Самарқанд шаҳар “Самарқанд” газетаси ходими Сарвар Абдураҳмонова лойиқ кўрилган бўлса, учинчи ўрин Тойлоқ тумани “Қўшчинор” газетаси мухбири Гўзал Музаффаровага насиб этиди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.